sirdaryomintrans

sirdaryomintrans

Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси матбуот хизмати

Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир

Сўнгги йилларда буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар тамонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг  2020 йил 19 октябрда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4865-сонли қарори қабул қилинди. Шунингдек, буюк ғазалнавис шоир, давлат арбоби З. М. Бобур таваллудининг 538 йиллиги  муносабати билан ҳам жорий йилнинг 12 феврал куни Сирдарё вилояти транспорт бошқармасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Гулистон Давлат Университети Адабиётшунослик кафедраси ўқитувчиси Маҳбуба Қаршиева ва транспорт бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

Гулистон Давлат Университети Адабиётшунослик кафедраси ўқитувчиси Маҳбуба Қаршиева сўзга чиқиб, Навоий - ўзбек ҳалқининг улуғ шоири ва буюк мутаффакири бўлиб, унинг номини дунёнинг энг машҳур шоирлари қаторида тилга олинишини, бутун ижодий фаолияти инсониятнинг бахти учун курашишига, ҳалқнинг осойишталиги, ободончилик ишлари, санъат ҳамда адабиёт тараққиётига бағишлагани ҳақида тушунтириб ўтди.

“Эрур кўнгулда сафо ишқ тоза доғи била,

Нечунки кўзда ёруғлиқ эрур қароғи била.”

“Ишқнинг доғи — дарду алами, асорати, яраси тозаришидан кўнгилда шодлик, сурур ва равшанлик пайдо бўлди. Зотан, бунга ажабланмаслик керак, чунки кўзнинг қорачиғи равшанлиги унинг қорачуғидан. Байтнинг мазмуни шу. Ажойиб ташбиҳ: кўз гавҳари қора, аммо кўришнинг қуввати, ёруғлик ўшандан, демак, ишқ кўнгилга дарду доғ солса-да, лекин кўнгил кўзини равшанлаштиради, оламни мусаффо нигоҳ билан идрок этишга чироғи ҳидоят бўлади. Навоий шу ташбиҳ орқали тазод санъатининг фавқулодда янги бир кўринишини кашф этганлигини”, адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов шарҳида англишимиз мумкин.

Тадбирда транспорт бошқармаси ходимлари ҳам ўз фаолликларини кўрсатди. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ғазалларини ёд олиб, ўз фикр мулоҳазаларини билдиришди.

“Навоийнинг ҳар бир асарида унинг ўз миллатига буюк муҳаббати ва фахр туйғуси барқ уриб турган. Шунинг учун ҳам бутун дунёда унинг асарлари бугунги кунгача севиб ўқилади. Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир. Навоий асарлари мазмун-моҳиятини ташкил этган ишқни мукаммал тушуниш учун унинг асарларини тўлиқ ўқиш керак. Шоирнинг асарлари тизимли адабий олам. Ундаги бир масалани тушуниш учун иккинчисига мурожаат қилиш ва учинчисидан асосли шарҳ топиш мумкин”, - деди Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Ойбек Эрбеков.

Дарҳақиқат, Навоийнинг асарлари тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки шахс сифатида шаклланган инсон ўз фикрига эга бўлади. Ҳар бир воқеа-ҳодисага ўз муносабатини билдиради. Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Навойни англашимиз учун уни ҳар доим ўқишимиз даркор.


Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси матбуот хизмати



Report Page