Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Абдурахмонов битирувчилар ва уларнинг ота-оналарига Мурожаат билан чиқди.

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи А.Абдурахмонов битирувчилар ва уларнинг ота-оналарига Мурожаат билан чиқди.

sirdaryo_xtb

Ассалому алайкум, ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчилар!

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги жами 309 та таълим муассасасини бу йил 11503 нафар ўғил-қизларимиз 11-синфни битирдилар. Бу рақам остида шунча келажак, шунча тақдир турибди. Пандемия шароити бўлишига қарамай битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга тўғри йўналтириш, тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир мактабда “Абитуриент штаби” ташкил этилди ва ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарига яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Бизнинг биринчи галдаги мақсадимиз, сизнинг фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда, уларни олий таълим муассасаларига йўналтириш, уларни олий маълумотли кадр бўлиб, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишига кўмаклашишдан иборат.

 Муҳтарам Президентимиз томонидан битирувчилар бандлигини таъминлаш, уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинишида кўплаб имтиёзлар жорий қилинди. Жумладан, қабул квоталари ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар оширилди, қизларимиз учун алоҳида квоталар, спортчиларимиз учун ҳам бу йилдан имтиёзлар жорий этилди. Олий таълим муассасаларига рўйхатдан ўтиш тизими соддалаштирилди. Кириш имтиҳонлари 5 та фандан эмас, балки 2 та фанга туширилди. Ўтган йилдан фарқли равишда  бир йўла 5 та таълим муассасасини танлаш имконияти яратилди, мазкур чоралар эса ўқишга кириш имконини кескин оширишга хизмат қилади. Барча имкониятлардан унумли фойдаланиш фақат ва фақат сизга боғлиқ. Бунинг учун кириш имтиҳонларига жиддий тайёргарлик кўриш, кўпроқ китоб ўқиш, репитицион тест жараёнларида фаол иштирок этиш лозим. Ота-оналаримиздан эса фарзанд учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш талаб этилади.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда жами битирувчилардан 8257 нафари ёки 71,8 фоизи олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдириб, онлайн тарзда рўйхатдан ўтдилар. Ҳужжатларни топшириш жараёни 20 июлгача давом этади.  

Қадрли фарзандларим! Ҳурматли ота-оналар!

Битирувчилар бандлигини таъминлашда олий таълимдан бошқа кўплаб имкониятлар ҳам мавжудлигини Сиз ва сиз орқали фарзандларингизга тавсия этмоқчиман. Янги ўқув йилидан бошлаб республика бўйича пофессионал таълим тизими жорий этилиб, унда 11-синф битирувчилари учун коллеж ва техникумлар ўз фаолиятини бошлайди. Таълим шакли кундузги, сиртқи ва кечки тарзда ташкил этилиши кўзда тутилган. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидан мувофаққиятли ўта олмаган битирувчиларимизни ушбу таълим муассасаларига жалб этишимиз лозим бўлади. Ўқиш тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, муддати 2 йил. Техникумларни аъло баҳолар билан битирган битирувчилар ўз соҳаси бўйича ҳеч қандай синовларсиз, фақат суҳбат асосида олий таълим муассасаларининг 2-курсига ўқишга қабул қилинишини ҳар бир ота-она, битирувчиларимиз англаб етмоғи лозим.

Коллежларда битирувчилар учун қисқа муддатли курслар ташкил этилиб, бунда айрим касблар бўйича ўқув курслари йўлга қўйилади. Бу орқали битирувчиларимиз қисқа муддатда маълум бир касб эгаси бўлиб етишада. Шу ўрганган касби орқали тадбиркорлик фаолиятини юритиши учун ҳам кенг йўл очилади. Бунда вилоятдаги тижорат банклари томонидан қатор кредит таклифлари мавжуд, бу ҳам фарзандингиз келажаги учун яна бир имконият ҳисобланади.

Бир нарсани ҳеч қачон ёддан чиқарманг, Сизнинг орангизда вилоят тақдири, келажагини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ўғил-қизларимиз турибди. Ўзингизга муносиб касбни танлашингиз ва келажакда уни етук мутахассиси бўлишингиз учун бугун биринчи қадамни тўғри қўйишингиз лозим. Мен сизларга чин кўнгилдан ишонаман ва ўйламанки, аввалом бор ота-онангизнинг, сизга 11 йил таълим берган устозларингизнинг ишончларини албатта оқлайсизлар!

Сизларга фақат омад тилаб,

     Сирдарё вилояти халқ таълими

         бошқармаси бошлиғи                             А.А.Абдурахмонов



Report Page