шарҳ

шарҳ

fatvo.uz

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Закот молиявий ибодат бўлиб, у исломдаги энг муҳим фарзлардан, диннинг энг асосий арконларидан бири ҳисобланади. Унинг фарзлиги Қуръони карим, суннати мутоҳҳара ва уммат ижмоси билан собит бўлган.

Аллоҳ таоло Нур сурасининг 56-оятида буюради:
                             وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ              
«(Эй мўминлар!)Намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилинсангиз».

“Закот” сўзининг маъноси “ўсиш”, “зиёда бўлиш” “солиҳлик”дир. Закот – муайян моллардан белгиланган бир бўлагини камбағалларга мулк қилиб беришдир.

Закот вожиб бўлиши учун мол маълум бир миқдорга етиши керак. Уни нисоб деб аталади. Нисоб, яъни закот бериш учун белгиланган бойликнинг энг кам миқдори 85 гр тилла ёки унинг қийматига тенгдир. Закот нисоби – бойлик даражасининг энг қуйи нуқтасидир.

Киши ўзи яшаб турган уйи, уй анжомлари, кийим кечаклари, миниб турган машина-уловлари, мутахассислик китоблари, касбига тегишли асбобларни ҳожати аслия дейилади ва улар закотда ҳисобга олинмайди. Булардан бошқа тижорат мақсадида бўлмаган нарса ёки ҳайвонлар ҳам закотда ҳисобланмайди.

Закотда ҳисобланадиган нарсалар – тилла, кумуш (лом ёки тақинчоқ кўринишида), қоғоз пуллар (қимматли қоғозлар), тижорат мақсадида сотиб олинган ҳар қандай нарсалар ва одамлардаги ҳаққи (берган қарзлари)дир. Одамлардан олган қарзини юқоридаги маблағларидан айириб ташлайди. Мана шундай ҳисоб-китобдан кейин кимнинг ҳожати аслиясидан ташқари 85 гр тилла ёки унинг қийматида пул маблағлари ё тижорат моллари бўлса, у бой ҳисобланади ҳамда молининг 1/40 ини закот ниятида камбағалларга беради. Тижорат учун боқилаётган чорва молларининг ҳам қиймати, сонидан қатъий назар, пул маблағларига қўшилади.

Демак, кимнинг моли ҳожати аслиядан ташқари биринчи марта 85 гр тилланинг қийматига етса ва роса бир йил ўтгач ҳам камида шунча маблағ ё мол мулк сақланиб турса, у мол-мулкининг 1/40 (яъни 2,5%)ини камбағалларга закот ниятида беради. Йил мобайнида бу маблағнинг кўпайиб камайиб турганининг эътибори йўқ.

Аввалдан закот бериб юрганлар эса закот берадиган вақт келганда барча маблағларидан закот беради. Йил давомида қўшилган маблағларининг ҳар бирига бир йил ўтишини кутмайди.

Юртимиз бозорларида энг кўп тарқалган тилла 585 пробали тилла бўлгани учун 85 гр тилланинг қиймати мана шу пробанинг қийматида ҳисобланди ва бу ҳозирги кундаги нархда 100 млн. сўмга тўғри келди. Бу ҳисоб Рамазон учун чиқарилган бўлиб, келгуси ойларда 85 гр тилланинг қийматига қараб ўзгариши мумкин. Нисоб бойликнинг энг қуйи миқдорини белгилаб беради, яъни бойлиги бундан ортиқ бўлган ҳар бир киши ўз бойлигининг 1/40 ини беради. Масалан, 200 млн пул маблағи бор киши 5 млн закот чиқаради. Кумушнинг қиймати тиллага нисбатан кескин пасайиб кетгани ва муомаладан деярли чиқиб кетгани сабабли закот нисоби унинг қиймати билан ҳисобланмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000 (юз миллион) сўм деб белгилади. Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000 (юз миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори ҳам қабул қилинди.

Фитр садақаси Рамазон рўзасидаги баъзи камчиликларни ювадиган молиявий ибодат. Фитр садақаси ҳам бой кишиларга вожиб бўлади. Яъни закот нисоби (85 гр. тилла)га эга бўлган кишилар бу садақани кабағалларга беради. Бу ерда молнинг ўсувчи бўлиши, тижорат учун бўлиши шарт қилинмайди. Ҳожати аслияларидан ташқари мол-мулклари: пул ва тижорат моллари, ўзи яшаб турган уйдан бошқа ер ва уй-жойлари, минилмайдиган машина-уловлар, уй ҳайвонлари, болаларига олиб қўйган сеплари ва эҳтиёждан ортиқча бўлиб турган бошқа нарсалар нисоб миқдорига қўшилади. Мана шу тарзда ҳисоблаганда моли, бу йилимизда, 100 млн.га етган киши ўзи ва балоғатга етмаган ёш болалари учун юқоридаги 5 та маҳсулотдан хоҳлаган биридан ёки қийматидан фитр садақасини беради. Хотини ва балоғатга етган фарзандлари номидан эса хоҳласа, эҳсон ниятида фитр садақасини чиқариши мумкин.

Фатво марказининг қарорига кўра: Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (ўн олти минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади.

Фитр садақасини токи Рамазон ҳайити намози ўқилгунча бериш керак бўлади. Агар ҳайитдан кейинга қолиб кетса ҳам, соқит бўлмайди. Балки кеч қолган бўлса ҳам фитр садақасини беради. Фитр садақасини Рамазон кириши билан бериш дуруст.

Рамазон рўзасини умуман тута олмайдиган икки тоифа кишилар борки, улар фидя (тўлов)ни беришлари лозим бўлади. Улар: кексалиги туфайли рўза тута олмайдиган қариялар ва сурункали касаллик билан оғриётган беморлар. Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади. Хоҳласа, фитр садақасида белгилаб қўйилган беш маҳсулотнинг биттасини, хоҳласа, улардан бирининг қийматидан беришлари мумкин. Вақтинчалик рўза тута олмайдиган шахслар (вақтинчалик бемор, мусофир, ҳайз ёки нифос ҳолатидаги аёллар, рўза тутса ўзига ё боласига зарар етадиган ҳолатдаги ҳомиладор ёки эмизикли аёллар) фидя бермайдилар, балки Рамазон ойи ўтгандан кейин қолдирган кунларини қазосини тутиб берадилар.

 

Report Page