САМАРҚАНДДА МАКТАБ ДИРЕКТОРИ ВА ЎРИНБОСАРЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТАНҚИДИЙ ЎРГАНИЛМОҚДА

САМАРҚАНДДА МАКТАБ ДИРЕКТОРИ ВА ЎРИНБОСАРЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТАНҚИДИЙ ЎРГАНИЛМОҚДА


Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфида 16 та туман ва шаҳарда 1255 та умумтаълим мактаблари мавжуд. Умумтаълим муассасаларида 56370 нафар ўқитувчи 734398 нафар ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Вилоят халқ таълими тизимида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари, ўқитувчиларнинг малака ва тажрибаси, таълим сифати ва самарадорлиги билан боғлиқ жиддий муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Ушбу муаммоларни танқидий таҳлил этиш, мактаб директорларининг муассасада таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича масъулиятини янада ошириш ҳамда таълим муасссасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлик ҳолатини ўрганиш мақсадида бошқарманинг ишчи гуруҳи аъзолари мактабларда бўлмоқда.

Икки ўқув йилидан буён битирувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаётган, таълим-тарбия жараёнлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган мактаблар фаолияти, биринчи навбатда, танқидий ўрганилмоқда. Ўқитувчилар салоҳияти, мактаб директорлари ва ўринбосарларининг дарсларни таҳлил этиш ҳолати, тегишли фармон ва қарорларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ўқувчиларнинг давомади, онлайн таълим олаётган ўқувчилар дарс машғулотларини қай даража ўзлаштираётгани, хонадонда яратилган шароитлар эътибор марказида бўлмоқда.

Ўрганиш натижалари ҳокимлик ва бошқарма раҳбар-ходимлари, мактаб директорлари иштирокида танқидий муҳокама этилиб, фаолиятида сусткашликка йўл қўйган, мактабда таълим сифатининг тушиб кетишига лоқайдлик билан қараб келаётган баъзи мактаб директорлари лавозимидан озод этилиб, аксарияти қатъий огоҳлантирилмоқда.

Бугунги кунга қадар Самарқанд шаҳри, Булунғур, Пайариқ ва Каттақўрғон туманларида худди шундай ўрганишлар олиб борилиб, натижалари муҳокама этилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар халқ таълими ходимлари, педагогларнинг масъулиятини янада ошириш, уларнинг бугун соҳа вакиллари олдига қўйилаётган муҳим талабларга мувофиқ ҳаракат қилишига хизмат қилмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Report Page