ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ МУҲИМ ВАЗИФА ВА МУАММОЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ МУҲИМ ВАЗИФА ВА МУАММОЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ


Аввал хабар берганимиздек, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини самарали ташкил этиш, ўқув йилини муаммоларсиз якунлаш, янги ўқув йилига сифатли тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят студиясида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, бошқарма бўлим бошлиқлари, туман, шаҳар халқ таълими бўлимларининг мудирлари иштирок этди.

Кун тартибидаги масалаларга мувофиқ, битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини ошириш, ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришда замон талаблари асосида ёндашиш, умумтаълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш каби муҳим масалалар муҳокама этилиб, халқ таълими бошқармаси бошлиқлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирларига аниқ топшириқлар берилди.

Бирорта битирувчиси ОТМга ўқишга кирмаган мактаб ва унинг директори ҳақида қатъий хулоса қилиш вақти келди...

Ш.Шерматов жорий йил умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш кўрсаткичларига қараб, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, бўлимлар ҳамда мактаб директорлари фаолиятига баҳо берилишини алоҳида таъкидлади. Барча битирувчиларнинг ОТМга онлайн ҳужжат топширишларини самарали ташкил этиш, бу борадаги вазифаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, вазир ўқувчиларни ўз вақтида касб-ҳунарга йўналтириш, мактабларга турли соҳа мутахассислари, ҳунармандларни жалб қилган ҳолда учрашувлар ташкил этиш, ўқувчиларнинг корхона ва ташкилотларга, саноат корхоналарига саёҳатини уюштириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини болалигидан шакллантириш лозимлигини қайд этди. Бу борадаги вазифаларга алоҳида тўхталиб, умумтаълим муассасаларини янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича тегишли топшириқларни берди. Бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган, ўқувчилари томонидан тез-тез жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилган, таълим сифати тушиб кетган мактабларга бориб, бундай ҳолатларнинг келиб чиқиши, сабабларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тавсияларини билдирди.

Видеоселектор йиғилишидан сўнг, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов берилган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, янги ўқув йили олдидан вилоят мактабларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди.

ХТБ мудири ва мактаб директори битирувчиларнинг онлайн ҳужжат топширишини алоҳида назоратга олиб, кўмаклашади...

Аввало, ўтган йилги битирувчиларнинг ОТМга қамраб олишда йўл қўйилган камчиликлардан хулоса қилган ҳолда, жорий йил барча мактаб битирувчиларининг ҳужжат топшириши учун шароит яратиш шарт эканлигини таъкидлади. Жумладан, жорий йил ҳужжат топшириш карантин шароитига тўғри келганини инобатга олиб, онлайн ҳужжат топшириш йўлга қўйилаётгани боис мактаб директорлари ва мудирлар масъулиятни бир неча карра кўпроқ ҳис қилиши лозимлигига тўхталди. Айрим ҳудудларда интернет тезлигининг пастлиги, барча битирувчиларда онлайн ҳужжат топшириш имконияти йўқлиги сабабли яшил ҳудудлардаги  мактаб ёки халқ таълими бўлимларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда онлайн ҳужжат топширишни ташкил этиши зарурлигини уқтирди. 

Аттестат ва шаҳодатномаларни чоп этиш, 9- ва 11-синфларга уларнинг электрон нусхаларини етказишда ортиқча сарсонгарчилик, таъмагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик талаб этилди.

Мактаблардаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари қатъий назоратга олинади...

Бугунги кунда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 54 та мактабда қурилиш ишларининг пухта олиб борилиши юзасидан доимий назорат олиб бориш, у ерга кузатув камераларини ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.

Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ишларини якунлаш бўйича ҳар бир туман (шаҳар) бўйича аниқ сана белгиланди...

Ҳар битта туман ва шаҳар мактабларини янги ўқув йилига сифатли тайёрлаш бўйича мудирларга топшириқлар берилиб, аниқ муддат белгиланди. Ушбу жараёнларда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди. Куз-қиш мавсумига ҳозирданоқ пухта тайёргарлик кўриш, муассасаларни ёритиш, иситиш тизимидаги муаммоларни қайта-қайта кўздан кечириб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Жангиров, бошқарма бўлим бошлиқлари Қ.Саидов, Н.Одилов ва Х.Ҳожиқуловлар сўзга чиқди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати