Самарқандда информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган илк мактаб очилди

Самарқандда информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган илк мактаб очилди



Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан 2023 йилга қадар Самарқанд вилоятининг ҳар бир туманида информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу соҳада пухта билимга эга ва қобилиятли ёшларни тайёрлаш вазифаси белгиланган.

Бугун, 29 январь куни мана шундай ихтисослаштирилган мактаблардан бири — Самарқанд шаҳридаги 9-информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби замон талаблари асосида жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди.

Очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшед Ўроқов, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов иштирок этиб, Президентимизнинг ушбу хайрли ташаббусларини кенг ҳаётга татбиқ этишда барча бирдек меҳнат қилиши, ёшлар камолоти, мамлакат равнақи йўлида фидойилик кўрсатиши лозимлигини таъкидлашди. Ёшларни мана шундай имкониятдан кенг фойдаланишга, IT соҳасини пухта эгаллашга ҳамда жаҳонда етакчи дастурчилар қаторида эътироф этилиб, эл-юртга нафи тегадиган, халқпарвар инсонлар бўлиб етишишга чақиришди.

Дарҳақиқат, мазкур ихтисослаштирилган мактабда олиб борилган бунёдкорлик ва жиҳозлаш ишларига “UZINFOCOM” давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор МЧЖ ҳамда Ахборот технологияларини ривожлантириш жамғармаси ва вилоят ҳокимлигининг 340 миллион сўмдан ортиқ маблағи сафарбар этилди.

Ушбу ихтисослаштирилган мактабда ўқиш истагида 130 нафар ўқувчи ҳужжат топширишди. 2021 йилнинг 5 январь куни Давлат тест маркази томонидан ўтказилган синовларда энг юқори балл тўплаган 60 нафар ўқувчи саралаб олинди.

Тадбир давомида меҳмонлар мактабда яратилган шароитларни кўздан кечириб, ўқувчилар томонидан яратилаётган дастурлар, работотехника йўналишининг иқтидорли ўқувчилари кашфиётлари билан яқиндан танишиб, уларга ўз тавсияларини беришди.

Шунингдек, бугунги кунга қадар информатика фанини ўқувчиларга пухта ўргатиб келаётган, Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган қатор лойиҳаларда муносиб иштирок этиб келаётган ўқувчи ва ўқитувчиларга диплом ва сертификатлар, эсдалик, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов айни пайтга қадар мактабларда электрон кундалик тизимини жорий этиш бўйича ўқув курсини тамомлаган ўқитувчиларга сертификатлар топширди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати. 

📌 Samarqand viloyati xalq ta’limi boshqarmasining rasmiy kanallari:

Telegram: 👉 t.me/samarqandvxtb

Facebook: 👉 www.facebook.com/SamarqandVXTB


Report Page