Мурожаатдан сўнг “Ёшлар уйи” олди ободончилигига киришилди

Мурожаатдан сўнг “Ёшлар уйи” олди ободончилигига киришилди

Buxoro.uz

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрининг “Пиридастгир” кўчасидаги тоифаланган 11-сонли (собиқ “Камолот”) “Ёшлар уйи”да истиқомат қилаётган аҳоли номидан шикоят тарқатилди. Унда йўл таъмирталаб ва чиқинди-ахлат билан ифлослангани, бу ҳол шу яқиндаги 8- ва 34-сонли умумтаълим мактаблари, 32-сонли “Меҳрибонлик уйи” экологиясини бузаётгани, аввало, атроф-муҳит тозалигига, шу ердан ўтган “Шоҳруд” ариғидаги антисанитар манзарага масъул корхоналар, жумладан, 41-сонли маҳалла мутасаддилари панжа орасидан қараб келаётганликлари танқид қилинган.

Мазкур масала Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда 80 нафар ишчи-хизматчисига эга 1-участка, қолаверса, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат органи Бухоро шаҳар инспекцияси ҳамкорлигида ўрганилиб, аҳволни ўнглаш чоралари кўрилди. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳудудда ободонлаштириш ишларини бошлаб юборишган (суратлар ўша манзилдан олинган).

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз мустаҳкам кафолатлаб қўйилган. Албатта, биз улардан ҳеч қандай монеликсиз фойдаланишимиз мумкин. Конституцияда бажаришимиз мажбурий бўлган фуқаролик бурчларимиз ҳам ўз аксини топган. Аммо кўпинча биз ҳуқуқ ва эркинликларимиздан фойдаланишни, уларни талаб қилишни яхши биламиз-у, лекин фуқаролик бурчларимизни бажаришда баъзан бепарволик қиламиз. Яшаётган манзилимизни тоза-озода тутиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини асраш масаласи ҳам биринчи галдаги фуқаролик бурчимиз саналади.

Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси

Report Page