14 ЯНВАРЬ – ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ

14 ЯНВАРЬ – ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ



Юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” кенг нишонланади.

Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматларини юқори баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бағишлайди.

Албатта, Ватанни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматини муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.

Муқаддас ислом динида “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти) деб ривоят қилинган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.

Мухтасар қилиб айтганда, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади, шунинг учун жаннатмакон диёримизда ушбу тинчликни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларни яна бир бор ушбу байрам билан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва албатта масъулиятли хизматларида куч-қувват тилаб қоламиз.

А.АХМАДАЛИЕВ,

Қўштепа тумани бош имом хатиби.

Report Page