Путин рус тилини биладиган хорижликлар учун яшашга рухсатнома беришни соддалаштиришни буюрди

Путин рус тилини биладиган хорижликлар учун яшашга рухсатнома беришни соддалаштиришни буюрди

Kun.uz
Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Ички ишлар вазирлиги ва Меҳнат вазирлигига рус тилида гаплаша оладиган ҳамда Россия ҳудудида ишлаш ниятида бўлган хорижий фуқароларга яшаш учун рухсатнома бериш тартибини соддалаштириш ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда Кремль расмий сайти хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, вазирликлар ушбу буйруқни жорий йилнинг 31 августигача бажариши керак. Унинг бажарилиши учун Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колокольцев, шунингдек, меҳнат вазири Максим Топилин жавобгар бўлади.

«Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда рус тилини биладиган ҳамда Россия Федерациясида яшаш ва ишлашни хоҳловчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва яшаш учун рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш бўйича зарур чораларни кўрсин», - дейилади ҳужжат матнида.

Қайд этилишича, агар зарур бўлса, мамлакат қонунчилигига ўзгартириш киритилиши ҳам мумкин.