Вилоят ҳокими Олот туманидаги ғўза парвариши ва янги лойиҳалар амалиёти билан танишди
Buxoro.uz
Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларидан бири – Олот туманида айни кунда 9 минг 147 гектар майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё – пахта парваришланаётган бўлиб, давлат хирмонига 27 минг 500 тонна юқори сифатли “оқ олтин” қўшишга аҳд қилинган. Туман деҳқонлари мавжуд ҳар гектар ердан ўртача 35 центнердан ҳосил олиш тараддудидалар. Йил бўйи қилинаётган машаққатли меҳнат маҳсули – пахта йиғим-теримига ҳам саноқли кунлар қолди. Ҳосилга ҳосил қўшишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, деҳқон-миришкорлар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ва жойида уларга ечим топиш мақсадида бугун, 1 сентябр куни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров Олот туманида бўлди.

“Ҳайдар Ниёз” ва “Комил Эргаш” фермер хўжаликлари фаолияти мисолида ғўза парваришининг боришига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йилги деҳқончилик мавсумида қарийб 91 гектарда “оқ олтин” етиштираётган “Ҳайдар Ниёз” фермер хўжалиги давлат шартнома режасига мувофиқ, юрт хирмонига 245 тонна юқори сифатли хом ашё қўшишни мақсад қилган. Хўжалик аъзоларининг шу кеча-кундуздаги кайфияти ёмон эмас, сабаби улар ўзлари парваришлаётган пахта майдонларидан кўзланган ҳосилни олишларига кўзлари етади.
Пахтачиликда катта тажриба тўпланган йирик хўжаликлардан бири “Комил Эргаш” да эса 71,5 гектар ер майдонида ғўза парваришланмоқда. Ўтган йилги йиғим-терим даврида гектарлар ҳосилдорлигини 33 центнерга етказган хўжалик миришкорлари бу йил ҳам ўша муваффақиятни такрорлаш мақсадида ҳаракат қилмоқдалар. Хўжалик давлатга пахта сотиш шартнома режасини ошиғи билан уддалаб, мўлжалдаги 229,5 тонналик хирмонга яна камида 20 тонна “оқ олтин” қўшишни ният қилган.
Вилоят ҳокими туман мутасаддиларига пахтазорларидаги агротехник тадбирларни мувофиқлаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш мақсади кўзланган ҳар бир ишни омилкорлик билан олиб бориш, фермер хўжаликларида кузатилаётган нуқсон ва камчиликларга барҳам бериш, ҳадемай уюшқоқлик билан бошланадиган пахта йиғим-теримига астойдил тайёргарлик кўришга доир топшириқ ва тавсияларини берди.

Шу нуқтаи назардан, “Оlot cotton cluster” МЧЖ га қарашли масканда пахта йиғим-теримига тайёргарлик ишлари алоҳида ўрганилди. Мутасаддиларга қишлоқ хўжалиги техникалари, тиркамаларни шай ҳолга келтириш, ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлари таъминотида муаммога йўл қўймаслик талаби қўйилди.

Ташриф давомида вилоят ҳокими ҳудудда бораётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларга ҳам эътибор қаратди. Шу мақсадда Олот “Марказий деҳқон бозори”нинг мукаммал таъмири ва “Экобозор”даги қурилиш ишларининг бориши билан яқиндан танишиб чиқди.

“Қишлоқ қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамият - инжиниринг компанияси Бухоро вилоят филиали буюртмаси асосида “Бухоро меъмор қурилиш плюс” МЧЖ томонидан бозор ҳудудида лойиҳалаштирилган кенг кўламдаги ишлар айни кунда қурилиш-пудрат корхонаси “Бухоро таъмирлаш механика заводи” АЖ бинокорлари томонидан амалга оширилмоқда. Шу йил 4 майдан бошланган қурилиш-таъмирлаш ишларининг умумий қиймати 2,5 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлиб, ҳозирда объектларда якуний пардозлаш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Бинокорлар 1 ой муддатда белгиланган ишларни битириш ҳаракатидалар.

Худди шундай, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ олишини таъминлаш мақсадида туман марказида “Хумо” маданият ва истироҳат боғини мукаммал таъмирлаш-реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси, “Бухоро меъмор қурилиш плюс” МЧЖ лойиҳалаштириш ташкилоти ва қурилиш-пудрат корхонаси “Бухара бизнес” МЧЖ ҳамкорлигида яхлит лойиҳа амалиётига киришилган. Унинг умумий қиймати 4,5 миллиард сўмга молиялаштирилган бўлиб, ҳудуддаги таъмир ишларини яқин 1 ойда якунлаш кўзда тутилган.

Ф. Умаров мураккаб пандемия даврига қарамасдан, ҳудудда лойиҳалаштирилган қурилиш-таъимирлаш ишларини барқарор олиб бориш, қурилиш материаллари хом ашёси таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, объектларни ўз вақтида сифатли фойдаланишга топшириш юзасидан мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқларини берди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати