Бухоролик ўймакор Қўқонга ёнғоқдан ясалган кема олиб кетяпти

Бухоролик ўймакор Қўқонга ёнғоқдан ясалган кема олиб кетяпти

Buxoro.uz

Жорий йилнинг 10 - 15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган
I Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 80 нафар бухоролик халқ амалий устаси иштирок этади. Улар ҳунармандчиликнинг 14 йўналиши бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилишади.

-Халқаро фестивалга пухта тараддуд кўраяпмиз,-дейди ёш ҳунармандлардан бири, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Муҳаммаджон Ҳайдаров.
-Негаки, зиммамиздаги масъулият катта. Фестиваль кунларида бутун дунёнинг назари халқ амалий санъати вакилларига қаратилади. Юртимизнинг бой тарихи, анъаналари, қадриятларини ўз асарларимиз орқали худди кўзгуда акс эттиргандек кўрсатиб беришимиз керак. Шахсан ўзим фестиваль учун 200 дан зиёд ёғоч ўймакорлиги маҳсулотларини тайёрлаб қўйдим.

 Улар орасида ёғоч ўймакорлиги асосида ёнғоқ ёғочидан ишланган мўъжаз кема алоҳида ажралиб туради. Узунлиги 1,8 метр бўлган бу кемачага миллий нақшлар билан зеб берилган. Унинг ҳатто елканида ҳам жажжи чироқлар ўрнатилган. Муҳаммаджон кемага “Мирзо Бобур” ёзувини ҳам тушириб, унга буюк аждодимиз номини берган. Таъбир жоиз бўлса, бу антиқа сувенирни “Соғинч кемаси” деб атаган бўлардик. Зеро, Ҳиндистонда буюк империяга асос солган шоҳ ва шоир Мирзо Бобур бир умр она –юртини, жаннатмонанд Фарғона водийсини соғиниб яшаган.

Яна мавзуга қайтиб айтиш лозимки, халқаро фестивалда иштирок этадиган бухоролик зардўз, кулол, заргар, ёғоч ўймакори, миниатюрачи рассом, кандакорларнинг барчаси хорижда ўтказилган нуфузли кўргазма, анжуманларда қатнашишган. Улар Қўқонда маҳорат сабоқлари ҳам ўтказишади.

Вилоят Ҳунармандчилик бошқармасидан бизга билдиришларича, айни пайтда Бухорода уюшманинг 2625 нафар аъзоси бор.

Истам ИБРОҲИМОВ

Report Page