Янги Ўзбекистон қиёфаси маҳаллаларга ҳам кириб бормоқда 

Янги Ўзбекистон қиёфаси маҳаллаларга ҳам кириб бормоқда 


Бугун O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар дастлаб давлатимиз раҳбарининг маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифалари аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Таъкидланганидек, маҳаллаларда “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Ишсизлик даражаси 2 баробар қисқартирилиб, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келтирилди. Ўтган йиллар давомида маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган ҳафта имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди.

Бу туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан, 330 та маҳалланинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга йўналтирилади. Ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм берилади. Умуман, мазкур дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Депутатлар охирги йиллардаги яна бир муҳим ташаббус – маҳаллаларга маблағ ажратилиб, шароит яратилгани учун 237 минг оила камбағалликдан чиқарилганини эътироф этишди. Фракция йиғилишида маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам қайд этилди. Жумладан, шу пайтгача 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослашгани ва 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани эътироф этилди.  


Report Page