“Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг роли”

“Коррупцияга қарши курашишда ОАВнинг роли”

Buxoro.uz

Ўзбекистон Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан айни шу мавзудаги лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга оширишга киришилди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмагида бажарилаётган бу лойиҳа республиканинг барча вилоятлари, 11 та ҳудудида июль-ноябрь ойлари давомида тарғиб этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси Бухоро шаҳридаги “Сиёвуш” меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Унда етакчи мутахассислар кун тартибидаги масала юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот бердилар. 

Вилоятдаги матбуот ва оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар, давлат ва хўжалик органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, ижодкор ёшлар иштирокида ўтган мулоқотда таъкидландики, лойиҳа мақсади журналистика имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ОАВда коррупция ҳолатлари, уларни келтириб чиқараётган шарт-шароит ва оқибатлар хусусида таҳлилий материаллар, тезкор, холис ва ҳаққоний ёритиш тамойили асосида журналистик суриштирувлар тайёрлаш, жараёнда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни кучайтиришдир.

Шунингдек, тадбирда лойиҳа доирасида коррупция иллатига қарши курашишда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида вебинарлар, журналистлар ўртасида мавзуга оид энг яхши материаллар мини танлови ҳам эълон қилингани, доимий янгилаб бориладиган платформа тарғиб қилинаётгани,  талаба ёшлар, кенг ўқувчилар оммаси учун дата-журналистика бўйича махсус қўлланма тайёрлангани хусусида билдирилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати