Қоракўллик шифокорлар рағбатлантирилди

Қоракўллик шифокорлар рағбатлантирилди

Buxoro.uz

Кўзга кўринмас вирус дунё бўйлаб тарқалиб, энг сўнгги замонавий технологиялар билан қуролланган, оламни бошқаришга қодирман, деган кучлардан тортиб, ҳаётни фақатгина ўйин-кулгу, сайру томошадан иборат билган одамлар, умр мазмунини, инсонийлик матлабини, бандалик талабини англаган фидойиларгача, барча-барчани оёққа қалқитди, ҳушёрликка чорлади.

Бу кескин синовли вазият бевосита ва билвосита шифокорлар салоҳияти, масъулиятига боғлиқ бўлиб қолди. Ўз азиз жони учун қанчалик хавф туғдирмасин, жаҳон шифокорлари фидойи ва қаҳрамонларча инсоният саломатлигини муҳофаза қилишга отланди. Ўз навбатида уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан муҳим. Бу борада Қоракўл туманида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, карантин тадбирларига 7 нафар шифокор, 16 нафар ўрта тиббиёт ходими, 8 та кичик тиббиёт ходими ҳамда ва бошқа ходимлар жалб этилган.

Айни пайтга қадар туманда коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантиришга эса 384 миллион сўм маблағ сарфланган. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг ойлик маошига қўшимча 6 фоиз устама ҳақ тўлаш мақсадида 32 миллион сўм маблағ йўналтирилган. 

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бугун коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қатнашган 31 нафар шифокор 14 кунлик фаолияти учун жами 352 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилди. Ушбу маблағлар карантин қодиларига риоя қилингани ҳолда ташкил этилган тадбирда Қоракўл туман ҳокими Шерали Саломов ва сектор раҳбарлари томонидан тантанали тарзда шифокорларга топширилди.

Шунингдек, пандемия бошлангандан буён фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page