Сув соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар кучайтирилмоқда

Сув соҳасида ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар кучайтирилмоқда


O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва соҳада масъулиятни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда сувларнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектлари ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларига қарши жавобгарлик чораларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда айниқса сув ресурсларини ҳисобга олиш ва муҳофаза қилишда бевосита масъул шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳим экани таъкидланди. Қайд этилганидек, амалда айрим ҳолатларда ҳуқуқбузарликни содир этган шахс эмас, бошқа мансабдорлар жавобгарликка тортилиши кузатилмоқда. Янги ўзгартишлар эса масъулиятни янада аниқлаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, оқова сувларни чиқариш қоидаларини бузиш, атроф-муҳитга зарар етказиш ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатларга қарши жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда. Маълумотларга кўра, белгиланган меъёрдан юқори даражада ифлосланган оқова сувларни чиқараётган корхоналар сони кейинги йилларда кескин ошиб бормоқда.

Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳада ҳуқуқбузарликларни камайтириш, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Report Page