«Оромитан»да бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

«Оромитан»да бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

Buxoro.uz

Юртимизда хотин-қизлар ва мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларни иш билан таъминлаш ҳар доимгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Бухоро вилоятида ҳам хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, барча жабҳаларда ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар берилмоқда.

Айниқса, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан тизимли чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишлари самарали ташкил этилмоқда.

22 май куни Ромитан туманидаги “Оромитан” болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳида Ромитан ва Пешкў туманлари аҳолиси, ёшлар ва хотин-қизлар учун “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси, шунингдек, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилгани ҳам ана шу хайрли мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг Молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

––2021 йилнинг 15 май куни Бухоро шаҳридаги “Хумо” спорт мажмуасида “Очиқ эшиклар кўргазмаси”ни ўтказиб, асосий воситаларни арзон ва сифатли етказиб берувчи ҳамда таъминловчи тадбиркорлик субъектлари бўйича ҳудудларга тегишли тавсияларни бердик,––деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов.––Бу йўналиш орқали ҳам ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни даромад манбаига эга қилиш бўйича тизим яратилди. Вилоятимиздаги тижорат банкларининг филиаллари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун тайёрланган содда ва қулай бизнес режалари ҳамда имтиёзли кредит пакетлари билан қатнашмоқда.     

Ярмарка иштирокчилари корхона, ташкилот ва муассасалар мутахассислари томонидан иш ўринлари, ходимларга яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя ва ойлик маошлари ҳақидаги маълумотлар билан таништирилди.

Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида Ромитан ва Пешкў туманларидан жами 319 та корхона ва ташкилот 2 минг 400 га яқин бўш (вакант) иш ўрни билан қатнашгани фуқаролар учун ҳам яхши имкониятдир. Уларда таклиф қилинаётган иш ўринлари аксариятида ойлик иш ҳақи ўртача 1,5 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача ҳамда ундан кўпроқни ташкил этди. Ярмарка якунлари бўйича жами 238 та корхонанинг вакант иш жойлари учун 1 минг 612 нафар ишсиз фуқаро билан меҳнат шартномалари тузилишига эришилди.

Эътиборли жиҳати, Ромитан туманидаги 125 та корхона билан 907 нафар, Пешкў туманида 113 та корхона билан 705 нафар фуқаро ўртасида меҳнат шартномалари имзоланди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 250 – сонли қарорига мувофиқ, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаши учун асбоб-ускуна ёки меҳнат қуроллари (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқ машиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш ускуналари, компьютер жамланмаси ва бошқалар) ни харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача (9 миллион 800 минг сўм) миқдорда ҳудудий Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ субсидия ажратилмоқда.

Тадбир жараёнида иш қидираётганларнинг мурожаатлари ва қизиқишлари бўйича муаммолар юзага келган тақдирда, вилоят Бандлик бош бошқармасининг 221-53-55 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ҳамда хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, уларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, шу орқали жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича муҳим топшириқлар ижросига эътибор қаратилди.

Тадбирда "Ёшлар––келажак бунёдкори" шиори остида ёшлар учун маданий ҳордиқ дастурлари, кўргазмали чиқишлар, ҳарбий–техник намойишлар, ҳунармандчилик кўргазмалари, касб-ҳунар йўналиши бўйича маҳорат машғулотлари намойиши бўлиб ўтди. Шунингдек, унда беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирларга ҳам кенг ўрин берилди.

Ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам қизғин руҳда кечди.

Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати янада юқори босқичга кўтарилганлиги, ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, ёшлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги таъкидлаб ўтди.

Очиқ-ошкора, мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар эришаётган ютуқлари, ўзларини қийнаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан эркин фикр билдирди.

Тадбир иштирокчилари иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли банк кредит маблағлари ажратиш, уй-жойга муҳтожлик ва бошқа шу каби ўзларини қийнаб келаётган, ечими топилмаётган муаммолар билан мурожаат қилди. Мурожаатчининг яшаш ҳудудидан келиб чиққан ҳолда, назорат тегишли сектор раҳбарлари зиммасига юклатилди.

Яқинда ишга тушадиган лойиҳалар асосида уларнинг бандлигини таъминлаш, уларга ипотека, таълим ва бошқа турдаги кредитлар ажратиш, уй-жойга муҳтожларни янги қуриладиган уйлар ҳисобидан, ипотека кредитлари ажратган ҳолда уй-жой билан таъминлаш масалалари юзасидан ҳам аниқ режалар тузилди.

Тадбир сўнгида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ҳисобидан бир гуруҳ йигит-қизлар моддий рағбатлантирилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 78 нафар ёшларга пайвандлаш асбоблари жамланмаси, мотокультиватор, сув нассослари, тикув машиналари, кондитер маҳсулотлари тайёрлаш учун мини печ, гўзаллик салони анжомлари ва сертификатлар топширилди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page