Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди 

Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди 


Фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керак, мазкур қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Солиқ кодексига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Унга кўра, солиқ тўловчи тадбиркорлик субъекти ўз ҳуқуқбузарлигини тан олган ва эътироз билдирмаган ҳолларда, унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳамда камчиликлар бартараф этилгандан сўнг чекловларни бекор қилиш ваколати бевосита солиқ органларига берилиши белгиланмоқда. Бу эса жараёнларни тезкор ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, агар солиқ тўловчи солиқ органи қарорига нисбатан эътироз билдирса, ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш масаласи фақат суд орқали ҳал этилиши белгиланмоқда. Солиқ органи эътироз келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида судга мурожаат қилиши шарт бўлиб, бу тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтаб қолишининг олдини олишга қаратилган муҳим кафолат ҳисобланади.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, солиқ органи судга мурожаат қилганда солиқ тўловчининг эътирози, қонунбузилиш ҳолатлари ва хабарнома юборилганини тасдиқловчи далилларни тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда. Агар суд томонидан операцияларни тўхтатиш рад этилса ёки камчиликлар бартараф этилгани аниқланса, қарор қонуний кучга кирган куннинг ўзидаёқ ҳисобварақлар фаолияти тикланиши назарда тутилмоқда.


Report Page