Минтақавий лойиҳалардаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади 

Минтақавий лойиҳалардаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади 


Фракция йиғилишида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ўртасида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган учрашув аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қайд этилганидек, мазкур учрашув икки давлат муносабатларида муҳим босқич бўлди. Музокаралар давомида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик руҳи яна бир карра эътироф этилди. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етди. Автомобилсозлик, логистика, инфратузилма, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштирмоқда.

Фракция аъзолари транспорт ва логистика йўналишидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишди. Чегара инфратузилмасини модернизация қилиш, савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича эришилган келушувларнинг иқтисодий аҳамияти юқори баҳоланди.

Йиғилишда, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги энергетика, кимё, геология ва “яшил” энергия соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, савдо ҳажмини янада ошириши ва инновацион тараққиётни таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди. 



Report Page