“Халқ билан бирга” умуммиллий дастурида депутатлар фаол иштирок этади
O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида депутатлар олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилиниб, аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, дастур доирасида аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уйма-уй юриш орқали муаммоларни жойида ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда тадбиркорлар билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, дастурда жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жойларда ўтказиладиган ўрганишлар натижалари асосида жамоат эшитувлари ташкил этиш, депутатлик сўровлари юбориш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш орқали тизимли муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Йиғилишда фракция аъзолари томонидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, аҳоли мурожаатларини тизимли ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. “Халқ билан бирга” дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар орқали инсон қадрини улуғлаш, жойлардаги муаммоларни тезкор бартараф этиш ва халқ билан самарали мулоқот тизимини йўлга қўйиш асосий мақсад сифатида белгиланмоқда.