Президентимизнинг олий таълим, фан ва инновациялар тизимини янада такомиллаштиришга оид таклифлари мамлакатимизни минтақавий таълим хабига айлантиради
Фракция йиғилишида давлатимиз раҳбарининг олий таълим, фан ва инновациялар тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти доирасида билдирган таклиф-ташаббуслари моҳияти ҳақида ҳам сўз юритилди.
Таъкидланганидек, таълим ва инновациялар — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Сўнгги йилларда таълим қамровини кенгайтириш ва сифатни ошириш ҳамда мамлакатимиз илмий салоҳиятини янада ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, “U10 – Ўзбекистоннинг глобал даражадаги илғор университетлари” дастури доирасида 10 та олий таълим муассасасига миллий тадқиқот университети мақомини бериш ва уларда илмий кластерлар ташкил этиш режалаштирилгани муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, натижага йўналтирилган молиялаштириш тизимини жорий этиш, университетларни рейтинг асосида рағбатлантириш ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар амалга киритилмоқда. Илм-фан натижаларини тижоратлаштириш, “spin-off” корхоналар ташкил этиш ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали иқтисодиёт тармоқларида қўшилган қийматни оширишга эришилади.
Депутатлар Ўзбекистонни минтақавий таълим хабига айлантириш мақсадида хорижий талабаларни жалб қилиш, “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастурини йўлга қўйиш иқтидорли ёшлар сафини янада кенгайтиришини таъкидлашди. Мазкур ташаббус ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг эканини қайд этишди.