“Яшил макон” нафақат табиатни асраш, балки келгуси авлодлар учун соғлом ва барқарор муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадамдир
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бошланди. Унда дастлаб депутатлар Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа барқарор келажагимиз пойдевори сифатида мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Лойиҳа доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳар йили юз миллионлаб кўчатлар экилиши орқали янги боғлар ва парклар барпо этилмоқда.
Депутатлар, айниқса, Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишларини эътироф этишди. Бу экологик муаммоларни юмшатишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Шу билан бирга, “яшил белбоғ”лар яратиш, сув танқислигига чидамли ўсимлик турларини жорий этиш ва замонавий кўчатхоналарни ташкил этиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттириш лойиҳанинг аҳамиятини янада оширишини қайд этишди.
Йиғилишда “Яшил макон” лойиҳаси нафақат табиатни асраш, балки келгуси авлодлар учун соғлом ва барқарор муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам экани яна бир бор эътироф этилди.