Тадбиркорлар учун қулайликлар: экспорт тартиблари енгиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси йиғилишида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига экспорт тартиб-таомилларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаг"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидлаганидек, мамлакатимизда ташқи савдони эркинлаштириш, экспорт тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва халқаро иқтисодий тизимга интеграциялашувни кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, айрим маҳсулотларни экспорт қилишда амалда бўлган рухсатнома бериш тартибини бекор қилиш назарда тутилмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш, экспорт жараёнларини енгиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экспорт ҳажмини ошириш, рақобатбардошликни кучайтириш ҳамда очиқ ва эркин бозор тамойилларини қарор топтиришга замин яратади. Бу эса мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишига муҳим ҳисса қўшади.