Суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Реклама тўғрисида”ги Қонунга суғурта соҳасига оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унда мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидлаганидек, сўнгги йилларда суғурта хизматлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, аҳоли ва тадбиркорларнинг суғурта саводхонлигини янада ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Қонун лойиҳасида суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборотни ижтимоий ахборот сифатида белгилаш, шунингдек, бундай ахборотнинг реклама берувчиси сифатида фақат ваколатли давлат органи иштирок этиши назарда тутилмоқда. Бу эса тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда депутатлар мазкур қонун лойиҳаси суғурта хизматлари ҳақида аҳолига тўлиқ ва аниқ ахборот етказиш, бозорга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.