Ўзбекистон – Тожикистон: стратегик шериклик янада мустаҳкамланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар дастлаб Президентимиз таклифига биноан 2026 йил 26–27 март кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифининг аҳамиятига тўхталиб ўтишди.
Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. Айниқса, олий даражадаги музокаралар ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиши таъкидланди.
Депутатлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича эришилган келишувларга алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини сезиларли ошириш режалари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, имзоланган қатор ҳужжатлар, жумладан, қўшма баёнот, соҳалар кесимидаги келишувлар ва “йўл хариталари”нинг амалий аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Уларнинг ижроси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Фракция аъзоларининг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг ушбу учрашуви савдо ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, транспорт ва энергетика соҳаларида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, халқлар ўртасидаги яқинлик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиёт учун мустаҳкам асос яратади.