Қишин–ёзин бу хонадонда баҳорий гўзаллик ҳукмрон...

Қишин–ёзин бу хонадонда баҳорий гўзаллик ҳукмрон...

Buxoro.uz

Вобкент тумани, “Шакаркент” маҳалла фуқаролар йиғини Халач қишлоғида яшовчи Абдумажид Ҳожиев ўз ҳовлисини гулзорга айлантирган, таъбир жоиз бўлса, нозик дид соҳибларидан. Аввалига шунчаки ҳавасдан бошланган бу ишдан завқ олишга ўрганган хонадон эгаси секин-аста гулчи–боғбонга айланган. Ишига кўнгил қўйиб, анвойи гул уруғларини астойдил излашга, уларни топиб келтириб, ўз томорқасида экиб парваришлашга ўтган.

Оила соҳиби Абдумажид Ҳожиев ҳовлиси этагидаги биринчи иссиқхонани 2012 йилда қуриб, синчковлик билан иш бошлаган. Даставвал бодринг ва помидор етиштирилган, кейинчалик уй шароитида парваришланаётган гуллар иссиқхонага олиб кирилган ва уларни кўпайтириш орқали гулчилик тармоғи кенгайтирилган. Шу ҳолда машаққат билан етиштирилган турфа гул, кишига эстетик завқ-шавқ улашадиган иссиқхона кўринишини олган. Бунда қишин-ёзин кўпайтирилаётган гул тури бугунга келиб 60 хилга етказилгани оиланинг моддий манфаатдорлигини ҳам оширмоқда. Қишлоқ шароитида гулчиликдан келадиган даромад билан рўзғор кам-кўстини қоплаш мумкинлиги улар учун янгилик эди.

Шу боис, сўнгги йилларда бу хонадонда барпо қилинган 6 сотихли гулхона –иссиқхона довруғи чор-атрофга ёйилган. Анвойи гулнинг аксарияти ноёб ва харидоргир саналади. Соҳибкор турмуш ўртоғи Маҳбуба Бозорова ҳамда фарзандлари билан бирга айни кунда гулхонани янада яшнатиш, гул кўчатлари турини кўпайтириш билан бандлар. 

– Очиғи, бу ердан моддий фойда орттириш учун эмас, аввало ўз қизиқишимиз туфайли, ҳовли-жойимизни гулга буркаш ниятида иш бошлаганмиз, – дейди хонадон эгаси Абдумажид Ҳожиев. – Аммо кейинчалик қўни-қўшни, бошқа маҳаллалардан гул кўчати сўраб келадиган мижозлар орттириб, бу иш анча даромадли эканини билиб, гулчиликни янада ривожлантиришга киришдик. Ҳозирда мўъжаз гулхонамизда "ёзги пальма", "барги томоша", "фил қулок", "хитой розаси", "гитара", "қора шахзода", "император", "хитой атиргули", лаванда ва бошқа турдаги гул кўчатларини етиштириб келмоқдамиз. Яхши меҳнат қилинса, ҳатто бир квадрат метр жойда ўстирилган анвойи гулдан 300–400 минг сўмга етказиб даромад олиш мумкин экан. Албатта, бу жараёнда гул уруғини саралаб олиш жуда муҳим. Биз асосан уруғни пойтахт шаҳардан олиб экиб, ўзимизда маҳаллий шароитда ҳам уруғ олиб етиштирамиз. Бугунга келиб 6 сотих ердаги иссиқхонамизда гул етиштириш баҳонасида қўни-қўшнилардан 3 нафар оила аъзоларини ёнимизга олганмиз. Албатта, уларга кунбай ишлари ҳажмидан келиб чиқиб иш ҳақи бераяпмиз.

“Излаган имкон топар” деганларидек, тиниб тинчимаган Абдумажид ака ва Махбуба опа гулчиликда қўлга киритаётган даромадлари ҳар ойда 3–4 миллион сўмдан кам эмас. Асосийси, қиш совуғига қарамасдан, иссикхонада баҳорий ҳарорат ҳукмрон. Қўлбола ясалган иситиш печ ва козони эса кўмир ва ўтин ёрдамида ичкарида 20 даража иссиқликни меъёрида сақлашда асқотмоқда. 

Гулчи миришкорларнинг билдиришича, гул уруғлари асосан, август ва декабрь ойларида сепилади ва уч ойда тайёр бўлади. Баҳорнинг илк кунларидан гул савдоси юртимизда авж олади ва бу ҳол турфа гул етиштирувчилар оилалари учун зўр имконият дегани. Албатта, қўлга киритадиган даромад ҳам шунга яраша бўлади. Абдумажид Ҳожиев оиласи ҳам ана шу пешона тери эвазига бировдан кам бўлмай, моддий имкониятларини оширмоқда.

Иссиқхонани мураккаб қиш мавсуми, айниқса, январь ойида рўй берган қаҳратон совуқдан талофатсиз олиб ўтиш учун мавсумда 40 тоннадан зиёд кўмир сарф қилинаётган экан. Шунга қарамасдан, йилнинг биринчи ҳосили сифатида эрта баҳор гул мавсумида бу иссиқхонадан 15 миллион сўмга етказиб даромад олиш кўзда тутилган. Энди, йилига камида уч бор ҳосил етиштириш мумкинлигини мулоҳаза қилсак, хонадон миришкорларининг эришаётган даромадини чамалаш қийин эмас.

Хулоса шуки, бугунга келиб гулчиликни ҳаётининг ажралмас қисми деб билган хонадон соҳиблари таъбири билан айтганда, қайси соҳада бўлмасин, ҳалол-покиза меҳнат қилинса, рўзғор бут, шу касб-кор ортидан орзу-ниятлар ҳам ушалаверади. Одамларга завқ улашиб, гўзалликка ошно бўлиб яшаганга нима етсин?!  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page