Бухоро театрида Шекспир асари

Бухоро театрида Шекспир асари

Buxoro.uz

Маълумки, кейинги йилларда ўзбек театр санъатини жаҳон талаблари даражасига кўтариш, юртимиз театрларида бадиий баркамол саҳна асарлари сонини ошириш мақсадида хорижий драматургияга қўл урилмоқда. Бухоро вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган "Ричард III" спектакли  ҳам шу нуқтайи назардан амалга оширилган хайрли бир иш бўлди, дейишимиз мумкин.

Жаҳон классик адабиётининг буюк намояндаси В. Шекспир қаламига мансуб бу асар 1531 йилларда Англия тахтига қисқа муддатда эгалик қилган Ричард ҳақида ҳикоя қилади. У ўзининг ногиронлигига исён қилиб,йўлида учраган барча қаршиликларни енгади. Ва қисқа вақт ичида тахтни эгаллайди. Ўша пайтдаги тахт ворисининг хотини Аннага уйланмоқчи бўлади ва Анна ҳам бунга қаршилик қилмайди. Ўз мақсадиги эришиш йўлида Ричард жуда кўпчиликни қурбон қилади. Қотилликлардан қўрқмайди. Ёлғон ва риёдан тийилмайди.

Ўша пайтдаги қирол Эдуард ўзининг саломатлиги яхши эмаслигига қарамай, Ричард билан алоқаларни тикламоқчи бўлади.Минг афсуски,Ричард бунга кўнмайди ва бегуноҳ инсонларни ўлдиришда давом этади. Ҳатто тахтни эгаллаш йўлида қироличанинг ҳам барча яқинларини қатл эттиради. Ўзини яхши ва тинчликсевар инсон қилиб намоён этган Ричардга ниҳоят қироллик тожи насиб этади. Тахтга ўтирганидан кейин ҳам унинг қаттолликлари тўхтамайди. У севимли маликасини қамаб қўяди ва  кичик шаҳзодаларни ҳам бўғиб ўлдиришга буйруқ беради.

Франциялик ҳукмдор Ричмонд  Англия халқининг бу қадар катта йўқотишларига чидолмайди ва  ноҳақликларга қарши чиқиб, ёрдамга келади ва қонхўр Ричардни ўлдиради. Ўзи эса ҳақли равишда   Англия тахтига ўтиради. Ва шу билан Англияда Тюрдлар шажараси бошланади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли режиссёр ва санъат арбоби Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган ушбу асар шу йилнинг 4 февраль куни Бухоро вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилди. Спектакль Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Б. Ахмедов ва бир гуруҳ ҳайъат аъзолари томонидан муҳокама этилди ва ижобий баҳоланди.

Спектаклдаги бош роль – Ричардни театрнинг ёш,истеъдодли артисти Бахтиёр Нажмиддинов ижро этди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ҳошимова, Саодат Ғуломова, "Дўстлик " ордени соҳиби, етакчи саҳна устаси  Раҳим Эргашев, "Шуҳрат" медали соҳиби Анвар Мавлянов, Дилафрўз Кенжаева, Рустам Раҳматов, Зайниддин Каримов, Нормурод Тўқсонов  ва бошқалар бош ва етакчи ролларни ижро этдилар. Оммавий саҳналарда театрнинг балет гуруҳи раққосалари ва вокал артистлари қатнашдилар. Кийимлар устида дизайнер Феруза Маменова ишлади ва ўша давр либосларини жуда чиройли қилиб, театр артистларига тақдим этди.

Бу асар томошабин учун қизиқарли мавзу бўлган ёмонлик устидан яхшиликнинг ғалаба қозониши сабаб қизиқарли бўлади, деб умид қиламиз.

Моҳигул Назарова, Бухоро вилоят  мусиқали драма театри адабий-бадиий бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Report Page