ГМҚБ: истеъмолчиларга меъёрида табиий газ узатилмоқда

ГМҚБ: истеъмолчиларга меъёрида табиий газ узатилмоқда

Buxoro.uz

Кўпчилик Бухоро вилояти ҳудудидаги Газли шаҳарчасининг кўп сонли газ қудуқларидан қазиб олинаётган ер ости “неъмат” и бизга ўз соҳасининг моҳирлари ва фидойилари машаққатли меҳнат туфайли етказиб берилишини тасаввур қилмаслиги мумкин.

Бу мураккаб иш саҳро қўйнида жойлашган "Ўзтрансгаз" АЖ тизимидаги Газли магистрал қувурлари бошқармасининг (ГМҚБ) 900 нафардан зиёд чилангару, пайвандловчилар, операторлар, муҳандису техник ходимлари томонидан амалга оширилади. Қолаверса, бу––“маҳаллийлаштириш дастури”нинг муваффақиятли рўёби билан боғлиқ жараён.

Бир неча босқичли тармоқ фаолиятига назар солсак, конлардан қазиб олинган табиий газ хом ашёси махсус заводда олтингугуртдан тозаланади. Шундан сўнг, Газли магистрал қувурлари бошқармаси уни қабул қилиб, юзлаб километрга чўзилган қувурлар орқали учта йирик газ сиқув станцияси ёрдамида улкан сиғимли ер ости омбори, яъни иншоотига жойлаштиради. Маҳсулот сифатида газни сақлаш, истеъмолчиларга узатиш ҳам шу корхона зиммасида.

Таъкидлаш жоиз, истеъмолчилар таъминоти кўп жиҳатдан магистрал газ қувурлари ва иншоотларининг барқарор ишлашига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам республика Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Республика истеъмолчиларини энергия ресурслари билан таъминлаш ҳолатини доимий ўрганишни ва назорат қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли буйруғига асосан ГМҚБ раҳбарияти, хусусан, 2022-2023 йиллар куз- қиш даврида бу масалага ҳар қачонгидан катта эътибор қаратиб, тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Шу аснода ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳал этилмоқда. Улардан бири газни ер остида сақлаш иншоотидан энергия ресурсини оладиган 5-б-газ сиқув станцияси цехининг барқарор ва тўла қувват билан ишлашига боғлиқ. Мазкур цех газ ҳайдаш агрегатларидан иборат 5 та газ турбина двигатели билан жиҳозланган. Мавсумга тайёргарлик доирасида уларни мукаммал таъмирлаш кун тартибига қўйилди. Аммо чет элда тайёрланган бу двигателларни эндиликда ишлаб чиқарувчи мазкур заводда қайта тиклаш имконияти бўлмагани муаммо туғдирди. Уни бошқа хорижий мамлакатлардаги турдош корхоналарда ҳал этиш эса кўп вақт ва харажатни талаб қиларди.

––Фурсат кутиб турмаслигини инобатга олиб, мукаммал таъмирлаш масаласини ўзимизда ҳал қилиш имкониятларини ўрганиб чиқдик,––дейди Газли магистрал қувурлари бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров.––“Ўзтрансгаз”АЖ кўмагида двигателларнинг ишдан чиққан эҳтиёт қисмларини “маҳаллийлаштириш дастури” асосида мамлакатимиздаги тегишли корхоналарда тайёрлатдик, 2 дона двигателни созлаш ишларини эса тезкорлик билан ўзимизнинг тажрибали муҳандису ишчиларимиз қойиллатиб бажаришди. мутахассислари ДКС-5Б цехида ишдан чиққан ДУ-80Л1 типидаги двигателни тез фурсатларда ишчи ҳолатга келтиришни уддалашди. Захиравий двигател эксплуатацияси билан бирга истеъмолчиларга табиий газни тўхтовсиз ва барқарор таъминлаш мақсадида ишдан чиққан двигател таъмирланди. Бунинг учун қуйидаги асосий қисмларни алмаштириш ишлари ҳам амалга оширилди: турбина, ТВД подшипник, ЗК КВД подшипник, подподшипник фтулка, двигател орқа қисмидаги лабиринт, олд қобиғидаги подшипник, ТНД подшипниги ва двигател лопаткалари алмаштирилди. Хуллас, вақтни ҳам ютдик, маблағ ҳам ўзимизда қолди. Ҳисоб-китобларга кўра, иккита двигателни хорижда таъмирлаш учун ўртача 8-10 миллиард сўм сарф бўларди. Энди тежалган бу маблағни ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин. Яна бир муҳим гап, қаловини топганимиз боис двигателлар захирасини ҳам яратиб қўйдик.

Омилкорлик билан оширилган тадбирлар самарасида Газли магистрал қувурлар бошқармаси куз-қиш даври бошланганидан буён бир кеча-кундузда мамлакатимиз истеъмолчиларига аввалдаги 18 миллион куб метр ўрнига 20 миллион куб метр табиий газни узлуксиз етказиб турибди. Бу айни кунда талаб этилган кўрсаткичларга мос ва мувофиқ.

Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” АЖ тизим корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш давом этаётган бир пайтда Газли Магистрал қувурлари бошқармасининг ишлаб чиқариш объектларида ўрнатилган 8 та қуёш сув иситиш ускунасига қўшимча равишда қуввати 1,5 кВт/ соатга тенг бўлган, сиғими 200 литрли яна 2 та қуёш сув иситиш ускунаси ўрнатилди.

Умуман, Газли МГҚБ томонидан бошқарма бош биносида 40 та, ДКС-5 саноат майдончасида 120 та, Газли шаҳарчаси ҳудудида 125 та, Электр кимёвий ҳимоя хизмати иншоотларида 15 та, жами 300 та қуёш панели ва аккумулятор батареялари билан жиҳозланган кўча ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Умуман, “2022–2023 йилларда "Ўзтрансгаз" АЖ объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар” режасига мувофиқ Газли магистрал қувурлари бошқармасининг ДКС-5 саноат майдончаси маъмурий биносининг том қисмига ҳам қуввати 15 кВт/соат бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси ҳам ўрнатилгани фаолият барқарорлигига хизмат қилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page