Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича келишув – халқимиз фаровонлиги таъминлашга хизмат қилади
Бугун O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бошланди. Унда депутатлар икки мамлакат Президентлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишини қайд этишди.
Таъкидланганидек, давлат раҳбарлари мулоқотида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиши ва қўшма лойиҳалар кўламининг кенгайди. Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ва энг катта қўллаб-қувватлаш режими ўзаро савдо учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Сўнгги саккиз йилда товар айирбошлаш ҳажмининг қарийб икки баробарга ошиб, 3 миллиард долларга етгани ҳамкорликнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам ўзбек-турк муносабатларининг муҳим драйверига айланди. Турк капитали иштирокидаги корхоналар энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Давлат раҳбарларининг савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича келишувлари эса келгусида иқтисодий тараққиёт, янги иш ўринлари яратиш ва халқлар фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.