«Иммунитет»ни заифлаштирадиган унсурлар ва «вирус ташувчиси» ҳақида мулоҳаза

Порахўрлик жамият ҳаёти илдизига болта урадиган ўта жирканч иллат бўлиб, негадир доим айбдорлар – пора олаётганда қўлга тушган мансабдор шахс ёки битмай қолаётган ишини битириш учун мансабдор шахсга пора бермоқчи бўлганда ушланган фуқаро жазога тортилади.
Аслида, бу қонунан тўғри. Аммо шундай бир тоифа кишилар ҳам борки, улар порахўрлик «вирус»ини қасддан одамларга «юқтириб», ўзлари нима учундир жазодан четда қолиб кетишади. Хўш, улар ўзи ким?
Улар ҳар бир қилинган иш учун «миннатдорлик» билдиришни бениҳоя ёқтирувчи, ўзларининг шу тариқа бошқалардан ажралиб туришини хоҳловчи, чўнтагида бир тийини қолмаган тақдирда ҳам, кимлардандир қарз олиб бўлса-да, ўзи фойда кўрган кишисига нимадир тиқиштириш илинжида юрадиган кимсалар.
Шу ўринда «жамиятда порахўрлик «вируси»ни тарқатувчи бу кимсалар қай тариқа пайдо бўлган, ахир улар ҳам ёшлигида оддийгина, самимий, тўғрисўз бола бўлишган-ку?», деган ўринли савол туғилади.
Унда ўзингиз бир мушоҳада қилиб кўринг, поликлиникага боласини эмлатишга келган она шифокорлар кўригидан ўтиб бўлгач, норасиданинг кўз ўнгида ҳар бир дўхтирнинг чўнтагига пул солиб қўяди. Шу тўғрими? Поликлиника эшигига катта ҳарфларда «БАРЧА ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР БЕПУЛ», дея ёзилган бўлса ҳам биз барибир «миннатдорчилик»ни канда қилмаймиз. Гоҳида эса боламизнинг қўлига пул бериб, «Ҳув анави дўхтир холангга раҳмат, деб кел», дея ўзимиз унга порахўрлик касаллигининг илк белгиларини «юқтирамиз».
Тез орада бу болакай боғчага боради. Боласига яхшироқ қараши учун онасининг кунда-кун ора «миннатдорчилик» сифатида олиб бораётган ширинлиг-у қиммат қаҳвалари сабаб боғча опасининг «ардоғида» юриб ўсган бу эркатой энди ўзини тенгдошларидан анчайин устун санай бошлайди ва шу тариқа поранинг «ширин таъмини» илк бора ҳис қилади. Оила даврасида боласини яхшироқ мактабга жойлаштириш учун фалончи директор холага фалонча доллар берганини мақтаниб ўтирган ота-она энди фарзанди онгида яхшироқ жойга жойлашиш учун ҳам кимгадир нимадир бериши шарт, деган янги қоида пайдо бўлганини англамайди ҳам.
Мактаб даврида тўртта ота-она йиғилиб қолган жойда болаларининг ахлоқи, билими, ўқиши бир ёқда қолиб кетиб, эртага байрамда устозни табриклаш учун қанчадан пул йиғиш, ундан кейин яна бир ўқитувчиси қизини турмушга бераётган экан, шунга устозга ота-оналар ҳамжиҳатликда «ёрдам» тариқасида тезда ҳар бир киши эллик-олтмиш мингдан пул йиғиб, «конверт» тайёрламаса бўлмаслиги ҳақидаги қизғин муҳокамаларда бевосита қатнашган бола бундай «ташаббускор»лар дастидан энди «порахўронавирус»нинг бевосита ташувчисига айлана бошлайди.
Бу гал у ота-онасининг кўмагисиз ҳам еган-ичганидан йиғганларини, оиласидан ўмарганларини устозининг қўйиб берадиган яхшироқ баҳосига сарфлашнинг ҳадисини олади. Энди у ўқимаса ҳам мактаб имтиҳонларидан ўта олишини «порахўронавирус» ташувчиси сифатида ён-веридагиларга ҳам уқтиришни, тўғрироғи, «юқтиришни» бошлайди. Бу вируснинг олийгоҳга кирганда, ўқиётганда, битираётганда ҳам бениҳоя «қўл келиши»ни, айрим ўқитувчиларнинг ҳаминқадар китобларини сотиб олиб, талабаларга ҳам сотишига кўмаклашиш жараёнида яна бир бор амин бўлади.
Шу тариқа олийгоҳни битирган «порахўронавирус» ташувчиси ишлаётган жойида ҳам тинч ўтирмайди. Ишга кириш учун бошлиққа минг айланиб ўргилиб қилинган «миннатдорчилик»лари бора-бора унинг ишлаш жараёнида қилаётган ялтоқиликлари олдида гўёки арзимасдек бўлиб қолади.
Ўзи ҳам пора олмаса бўлмайдиган, бировга ҳам пора бермаса «фалажлик ҳолати»га тушиб қоладиган даражадаги бундай кимсалар эса, афсуски, орамизда талайгина. Хўш, нега улар жазога тортилмайди? Нима учун порахўрликни авжига чиқарган бу тоифадагилар ҳали ҳам ишхонасида байрамлар, туғилган кунлар, яна бир айрим саналар баҳонасида ўзидан юқори турувчи раҳбарларига тинимсиз «жўнатмалар» юбориб, бошқаларга ҳам қасддан порахўрлик вирусини юқтириб юравериши керак? Шундай вазиятда нима учун раҳбар ёки юқори ташкилот ходими сифатида сиз томон юборилаётган порахўрлик вирусига тўла «жўнатмалар»ни ўзингиз ҳам индамай олиб қолаверишингиз керак, ҳурматли инсонлар?
Кўз олдингизда дўхтирларнинг чўнтагига пул тиқиштираётганини кўрсангиз-у менга нима, дея бефарқ бўлсангиз, мактабда ота-оналар мажлисида болаларнинг ўқишидан эмас, фақат йиғди-йиғдилар ҳақида гапирилса-ю, сиз истиҳола қилиб индамай турсангиз, курсдошингиз аъло баҳо олиш учун ўқитувчингизга пул бераётганини индамай «ҳазм қилиб» кетаверсангиз, ҳамкасбингиз яхшироқ маош илинжида, мансабида муқим қолиш истагида бошлиқларга ҳар ой «миннатдорчилик» билдириб, совға-саломлар бериб турса-ю, бунга жимгина кузатувчи бўлсангиз, сизга ишониб топширилган лавозимни суиистеъмол қилган ҳолда «Берганнинг бетига қарама», қабилида иш тутсангиз, билингки, сиз ҳам ПОРАХЎРЛИК вирусининг яширин ташувчисисиз!
Бу иллатдан халос бўлишнинг эса биргина йўли бор, у ҳам бўлса, ҲАЛОЛЛИК…. Нима деб ўйлайсиз, ҳалол яшашга қурбингиз етадими?!
Манба: Ishonch
Каналимиз: @navoi_kasaba