palata

palata

@notary

Қўйингки, том маънода ўзини ўлим тезроқ бағрига олишини жуда-жуда истовчи кекса-чақалоқ. Минг афсуски, баъзан “меҳрибон” фарзандлари ҳазар қилувчи кекса чақалоқ. Чақалоқни ҳамма бағрига босгиси, меҳр бергиси келса, бу кекса-чақалоқдан қани энди иложи бўлса, тезроқ қутулишса! Баъзи нобакор фарзандлар кекса-чақалоқни пичоқсиз сўядилар, ўтинсиз ёқадилар, дорсиз осадилар. У бечоранинг қўлидан келгани жавдираган кўзларини тикиб, кимдандир нажот қидириш бўлади. Ўз ота-онасига меҳр бера олмаган нобакор фарзанд миллатга, халққа, ватанга меҳр бера олармикан, деб ўйлаб қоламан.  

        Мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган ҳаётий воқеа ана шу қарилик ва ёшлик ўртасидаги муносабат ҳақида.

          Менинг ҳузуримга вафот этган кекса аёлнинг икки қиз фарзанди онасидан уй-жойни мерос сифатида қабул қилиб олишга мурожаат қилишди, онаси тириклигида ушбу уй-жойнинг ярмини укасига ҳадя қилганлигини, ҳозирги кунда отаси ҳаётлигини, онаси вафотидан сўнг отаси билан мерос масаласи бўйича ўрталарида низо чиққанлигини, ота-онадан улар беш нафар фарзанд эканликларини, отаси доимо  уларга “Сиз қизлар, оналарингиздан қолган меросдан улуш ҳам, ҳақ ҳам олмайсизлар. Барча мерос фақат менга ва битта ўғил фарзандга тегишли бўлади. Қизлар меросни олишда ҳуқуқи йўқ” деб доимо такрорлаётганлигини, улар бу ҳолатда меросни қандай тартибда расмийлаштириш мумкинлигини тушунтириб беришим сўрашди. Қизлар билан бўлган суҳбат давомида уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари уларнинг қўлида эканлигини, лекин отаси улардан ҳужжатларни қайтариб беришни ва уларга мерос улушидан ҳеч нима бермаслигини айтаётганлигини, ушбу мерос ишини ўзаро келишув билан расмийлаштириш йўлини тушунтириб беришимни сўрашди. Қизлар оталари билан келиша олмаётганлиги учун мерос талашиб судма суд юргандан кўра, ўзаро бир битимга келишишлари яхшироқ эканлигини, қонун бўйича кимга қанча мерос улуши тегиши ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўрашди. Мен меросни расмийлаштириш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни мурожаат қилувчилар ва “Нотариус” ААТидан олиб, қизларга отасини нотариус қабулига олиб келишлари лозимлигини тушунтирдим.

      Эртаси куни қизлар ёши бир жойга етиб қолган отаси билан менинг қабулимга келишди. Отахон тажанг, ғазаб отига минган ҳолатда қабулимга кириб келди, отахоннинг қизлари билан муносабати жуда ҳам оғирлигини сезганлигим сабабли отахон билан алоҳида суҳбат ўтказдим. Суҳбат давомида отахон қизларини нега чақириб олганлигимни, уларнинг меросга ҳеч қандай дахли йўқлиги, фақат у билан ўғли мерос олиши кераклигини, мерос улушидан қизларини четлаштиришни, уларнинг эри борлиги, алоҳида ҳовли жойлари борлигини, қизлар отасига умуман қарамаслигини, меҳр- оқибати йўқлигини айтди.

Мен отахонга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларига асосан мерос расмийлаштириш тартиби, меросхўрлар доирасини тушунтириб бердим ва турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг қонун бўйича қиз фарзандлар ҳам ўғил фарзандлар ҳам тенг ҳиссада меросхўр эканлигини айтдим. Шундан сўнг отахон норози бўлса-да, қонун талабига бўйсунишдан ўзга чораси йўқлигини айтиб, меросни қонун доирасида расмийлаштириб беришни сўради. Шундан сўнг меросхўрларнинг берган аризаларига кўра мерос мулкини барча меросхўрларга қонун доирасида расмийлаштириб бердим. Ўшанда қизлар оталарига ҳақиқатан ҳам ҳурматсизлик қилганликларини, ота эса жавдираган кўзлари билан менга “Ана кўрдингми, ўз фарзандинг сенга шундай муомала қилса, қандай қилиб уларга пешона тери билан орттирган мулкингдан ҳисса берасанми” дегандай бўлди. Лекин “ўлим ҳақ, мерос ҳалол” деган нақлга ва Қонун талабларига риоя қилган ҳолда қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириб бердим.

         

 Мафуза Сатторова,

 Бухоро шаҳар хусусий амалиёт

билан шуғулланувчи нотариус


Report Page