#Образование

#Образование

Xushnudbek.uz

Таълим кредити ҳақида батафсил.

 

Ҳуқуқий асос: Вазирлар Маҳкамасининг 26.07.2001 йилдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги 318-сонли қарори

 

Кредит миқдори: талаба ва ОТМ ўртасида тузилган тўлов-контракт шартномаси миқдорида

 

Муддати: бакалавр босқичи учун - 10 йилгача, магистратура босқичи учун - 5 йилгача.

 

Фоизи: икки хил категория бўйича турли фоизларда берилади:


а) чин етимларга, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига - ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);


б) талабаларнинг қолган тоифаларига – Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда (ҳозир 14%).

 

Кимларга берилади: ОТМларга тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига.

 

Кредит таъминоти: кредит таъминоти сифатида қуйидагилардан бири ёки бир нечтаси тақдим этилиши мумкин:

а) мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

б) банкнинг кафолати;

в) учинчи шахснинг кафиллиги;

г) суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;

д) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин етимлар ва «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун).

 

Қандай ҳужжатлар керак?

 

Таълим кредитини олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ариза;

б) талаба ва ОТМ ўртасидаги шартнома (контракт);

в) маҳалладан яшаш жойи тўғрисида маълумотнома:

г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;

д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тегишли тасдиқловчи ҳужжат.

 

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилиши керак?


Ариза банк томонидан 10 иш кунида кўриб чиқилиши ва кредит шартномаси имзоланиши керак. Агар кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ёзма хулоса бериши лозим. Сизга шунчаки оғзаки рад жавоби беришларига йўл қўйманг. Албатта асосланган ёзма жавоб беришсин. Бу келгусида асоссиз рад қилинганлик учун шикоят қилиш ҳуқуқини беради.

 

Кредит қачон тўланади?

 

Таълим кредитлари бўйича маблағлар ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда, янгидан қабул қилинган талабалар учун 1-ярим йилликда ўқиганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, 2-ярим йиллик учун - навбатдаги календар йилининг 15 мартигача тўланиши мумкин. Иккинчи йилдан бошлаб сентябрь ва март ойининг 5-санасидан кечиктирилмасдан тўланади.


Кам таъминланганлар учун имтиёз борми?

 

Кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади.

 

Махсус сиртқи, кечки ва сиртқи таълим учун ҳам таълим кредити олса бўладими?

 

Низомга кўра, таълим кредити фақат кундузги бўлимларда ўқиётган талабаларга берилади. Шунга кўра, махсус сиртқи, кечки ва сиртқи бўлимлар учун таълим кредити ажратиш назарда тутилмаган.

 

Хорижлик фуқаролар ҳам таълим кредити олиши мумкинми?

 

Йўқ. Низомга кўра, таълим кредити фақат Ўзбекистон фуқароларига берилади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Низомда назарда тутилмаган.

 

Супер-контракт учун таълим кредити олиш мумкинми?

 

Йўқ. Лекин банклар супер-контракт учун каттароқ фоизларда оддий кредит бериши мумкин. Буни ўзлари ҳал қилади.

 

Агар талаба талабалар сафидан четлатилса нима бўлади?

 

Агар талаба ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан ўчирилса, ОТМ раҳбарияти ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида бу ҳақда банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим.

 

Агар ОТМ ўз вақтида банкни огоҳлантирмаса нима бўлади?


Талабанинг талаба сафидан чиқарилиши ОТМ томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, ОТМ ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур.

Фақат ушбу шартлар шартномада акс этган бўлиши керак.

 

Кредитни муддатидан олдин ёпса бўладими?

 

Ҳа, кредитни муддатдан олдин қайтариш мумкин.