НУРОБОД ТУМАНИ МАКТАБЛАРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИ

НУРОБОД ТУМАНИ МАКТАБЛАРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИ


Самарқанд вилояти ҳокими эътибор марказида бўлди

Нуробод тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 76 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд. Мазкур мактабларда таълим-тарбия олаётган 32119 нафар ўқувчига 2498 нафар педагог-ходимлар сабоқ бериб келмоқда...

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Республикаси Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан республика умумтаълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчилар салоҳиятини аниқлаш бўйича ўтказган Миллий рейтинг натижалари эълон қилинди. Унда республикамиздаги жами мактабларнинг 10 фоизи, яъни 992 та, Самарқанд вилоятидан эса 125 та мактаб иштирок этди.

Миллий рейтинг 4 та индикатор: битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси; 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;  мактабларда олий ва биринчи тоифали педагог ходимларининг улуши;  ижтимоий сўров, яъни мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароит ва ўқитиш муҳитининг ҳолати бўйича аниқланди.

Унда Самарқанд вилояти ўтган йилги натижадан 4 поғона юқорилаб, 9-ўринни эгаллаган бўлса, республика туманлари ичида Нарпай тумани 184, Пастдарғом тумани 174, Қўшработ тумани 160, Ургут тумани 150 ва Нуробод тумани 142-ўринни қайд этди. Республикадаги 992 та мактаблар орасида Нуробод туманидаги 74-мактаб 981-ўринни, тумандаги 5-мактаб эса 946-ўринни эгаллади. Бундай салбий натижа Нуробод туманининг ўтган йилги Миллий рейтингдаги 9-ўриндан, жорий йил 3 поғона пасайиб, 12-ўринга тушиб кетишига “муносиб ҳисса” бўлди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов республикадаги 992 та мактаблар орасида 981-ўринни эгаллаган Нуробод туманининг энг олис ҳудудида жойлашган 74-мактабда бўлиб, таълим-тарбия жараёнлари билан танишди. Ўқитувчилар, аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлиб, умумтаълим муассасасида таълимнинг бу қадар салбий кўрсаткичга келиб қолишининг сабаблари, ўқувчиларнинг билим даражаси билан қизиқди.

Мактаб раҳбарининг масъулиятсизлиги, аниқ ва табиий фанлар, чет тиллари бўйича малакали мутахассис ўқитувчиларнинг етишмаслиги бу каби муаммоларнинг келиб чиқишида асосий сабаб бўлганлиги маълум бўлди.

2019 йилда мактабга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ўқув биноси қуриб, фойдаланишга топширилган. 21 та компьютер жамланмасидан иборат замон талаблари асосида жиҳозланган синфхона ўқувчилар ихтиёрига топширилган.

Э.Турдимов мактабга малакали ва тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш, кутубхона фондини бойитиш, ўқувчиларнинг спорт турлари билан шуғулланиши учун шароит яратиш, мактаб атрофини ўраш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.

Хўш, Нуробод тумани халқ таълими тизимида йилдан-йилга бундай салбий кўрсаткичларнинг қайд этилаётганининг асосий сабаби нима? Муаммолар қай тартибда ижобий ҳал этилади?

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Нуробод тумани ҳокимлигида ўтказган йиғилишида ушбу долзарб масалаларни вилоят идора ва ташкилотлари, туман секторлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими, халқ таълими бошқармаси, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази раҳбарлари ҳамда мактаб директорлари иштирокида танқидий таҳлил қилди.

2019/2020 ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 2121 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 10,6 фоизи, яъни 224 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Ачинарлиси, 9-, 37-, 47- ва 71-мактабларидан икки йил давомида мактабни битирган бирорта ҳам ўқувчи ОТМга ўқишга кирмаган.

Вилоят ҳокими ушбу мактаб директорлари ҳамда кўрсаткичлари ниҳоятда паст бўлган таълим муассасалари раҳбарларининг фаолиятига танқидий баҳо берди.

Туман мактабларида малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, таълим сифатининг қониқарсиз аҳволда эканлиги, айрим мактаб директорларининг салоҳиятсизлигидан келиб чиқиб, кадрлар сифат таркибини қайта кўриб чиқиш, ҳар бир мактабдаги аҳвол, ютуқ ва камчиликлари бўйича аниқ хулосалар тайёрлаш, Самарқанд давлат университетини битираётган бакалаврларни жалб қилиш, ОТМ билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, вилоятдаги ва республикадаги намунали мактаблар тажрибасини оммалаштириш, малакали ўқитувчиларнинг бошқа ҳудудлардан келиб дарс беришлари ва уларнинг моддий таъминоти бўйича масалаларни белгилаб олишга қаратилган йўл харитасини тузишга доир топшириқлар берди.

Намунали мактаблар фаолияти эътироф этилди

Миллий рейтингда ўқувчиларимиз умумтаълим муассасаларининг математика фанидан ёзма иш натижалари бўйича 20,1 балл тўплаб, республикада биринчи ўринни эгаллади. Пахтачи туманидаги 2-мактаб (77,78 балл), Пайариқ туманидаги 5-мактаб (70,00 балл), Каттақўрғон туманидаги 3-мактаб (66,67) ўқувчиларининг математик саводхонлик даражаси юқорилиги билан ушбу ижобий натижага эришилди. Она тили фанидан олинган диктантда эса 70,55 балл билан вилоятимиз республикада тўртинчи ўринни қайд этди. Яъни, диктант ёзишга жалб этилган Пайариқ туманидаги 5-мактабнинг 20 нафар ўқувчисидан 16 нафари “аъло” баҳо олди.

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари орасида энг юқори натижага эришган 20 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари орасида Самарқанддан 1 та, яъни Иштихон туманидаги 1-ИДУМ муносиб ўрин олди.

Шу муносабат билан йиғилишда республика Миллий рейтингида Самарқанднинг мавқейи ошишига муносиб ҳисса қўшганлиги учун ушбу мактаб директорлари ва фан ўқитувчиларига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Дарҳақиқат, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳар бир туман, шаҳар мактабларининг Миллий рейтингда кўрсатган натижалари, 2019/2020 ўқув йилида битирувчиларининг ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичлари асосида танқидий таҳлил этилмоқда. Барча таҳлиллар жойларда муҳокама этилади. Бу орқали умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлигига баҳо берилиб, тизимда йўл қўйилаётган камчиликлар яққол намоён бўлади. Муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар амалга оширилади. Энг муҳими, ўтган йил давомида бу борадаги саъй-ҳаракатлар ижобий натижасини кўрсатмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати. 

Report Page