Видеокузатув тизимлари бўлган бино ва иншоотларда огоҳлантирувчи белги ҳам ўрнатилади

Видеокузатув тизимлари бўлган бино ва иншоотларда огоҳлантирувчи белги ҳам ўрнатилади


Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди.

Лойиҳага кўра, шахсларнинг, жумладан, болаларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини янада кафолатлаш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини ошириш, меҳнат муносабатларида ходимларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтиришдан иборат.

Шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий шарт сифатида белгиланмоқда. Бунда агар розилик шахс муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, унинг қонуний вакили томонидан, шунингдек, шахс вафот этган тақдирда, агар у ҳаётлиги чоғида розилик бермаган бўлса, унинг ворислари томонидан берилади. 

Шунингдек, шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда болалар мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида белгиланмоқда. Бунда 16 ёшга тўлмаган шахслар номидан розилик уларнинг ота-онаси (ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан берилади. 16 ёшдан бошлаб эса, ушбу муносабатларда болалар мустақил равишда қарор қабул қилади.

Бундан ташқари, лойиҳада видеокузатувни амалга оширишда шахсий дахлсизликни таъминлашга оид талаблар белгиланмоқда. Бунда бино ва иншоотларда видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, бу ҳақда огоҳлантирувчи белги ўрнатилиши шартлиги белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, шахсларнинг, жумладан, болаларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари кафолатланади, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлиги, меҳнат муносабатларида ходимларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазаси кучайтирилади. 



Report Page