ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ ТАШРИФ БУЮРГАН МАКТАБЛАРДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛМОҚДА?


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жорий йилнинг 2-11 сентябрь кунлари Самарқанд вилоятида бўлиб, умумий ўрта таълим таълим мактаблари ҳолатини ўрганди.

Халқ таълими вазири Самарқанд шаҳри, Қўшработ, Нуробод, Булунғур, Пахтачи, Ургут ва Нарпай туманларидаги 33 та мактабларда бўлиб, уларнинг янги ўқув йилига ҳамда карантин даврида анъанавий тарзда фаолият олиб боришига тайёрлиги, реконструкция ишларининг сифатли бажарилаётгани ҳолати билан танишди.

Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, ўқитувчилар салоҳияти, хожатхоналарнинг аҳволи, таълим муассасасининг таъмирлаш ишларига муҳтожлиги ҳам Шерзод Шерматовнинг эътибор марказида бўлди. Бу борада бир қатор камчиликларга урғу бериб, таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.
Муҳими шундаки, ўрганиш ишлари олиб борилган мактабларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари бошчилигида ишлар бошланди.
Жумладан, Халқ таълими вазири Нуробод туманидаги мактабларга борган чоғида 13 ва 28-умумий ўрта таълим мактабларида ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳокимлик вакилларига ўзининг таклифларини билдирган эди.


Эътиборлиси, бугун Нуробод туман ҳокимлиги томонидан ушбу мактаблардаги ичимлик суви муаммоси ҳал этилди. 41-умумтаълим мактабида амалга оширилган реконструкция ишлари давомида айрим синфхоналарнинг поли сифатсиз таъмирланганлиги маълум бўлганди. Ушбу камчилик ҳам қисқа фурсатда ижобий ечим топди.

Дарҳақиқат, Нуробод туманидаги 13-мактабнинг фаоллар ва спорт залларининг эскириб, синиб кетган поллари таъмирланди.


Булунғур туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг хожатхонасида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Носоз электр жиҳозлари созланиб, синфхоналарга замонавий лампалар ўрнатилди.

14-мактабда ичимлик сувининг исроф бўлиши олди олинди, карантин даврида ўқувчиларнинг мактабга кириш-чиқиш схемалари шакллантирилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.