Мусулмон донишмандлар кенгаши қандай ташкилот?

Мусулмон донишмандлар кенгаши қандай ташкилот?

muslim.uz

Бутун дунёда, хусусан ислом оламида тинчликни ўрнатиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш йўлида халқаро исломий ташкилотлар фаолият олиб боради. Мана шундай нуфузли муассасалардан бири Мусулмон донишмандлар кенгаши ҳисобланади.

Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, у 2014 йилда Бирлашган Aраб Aмирликлари Aбу Даби шаҳрида ташкил топган.

Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб Кенгашга раислик қилади, Муҳаммад Абдуссалом эса унинг бош котиби ҳисобланади.

Кенгаш номи араб тилида “مجلس حكماء المسلمين”, ўзбек тилида эса “Мусулмон донишмандлар кенгаши” деб юритилади.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш ва бағрикенгликни таъминлашдан иборат. Шунингдек, илм ва олимларни қадрлайдиган, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлайдиган, бағрикенглик ҳамда бошқаларга ҳурматни қўллаб-қувватлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.

 

Кенгашнинг мақсад ва вазифалари:

Адолат, тинчлик ва хавфсизликни қарор топтириш;

Таълим-тарбия, одоб-аҳлоқ ва маънавий фазилатларни тарғиб этиш;

Яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат каби исломий қадриятларни ёйиш;

Аёл-қизлар ва ёшлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш;

Уламолар қадрини ошириш ва халқларнинг дин пешволарига бўлган ишончини ошириш;

Турли дин вакиллари ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларни рағбатлантириш;

Зиддият ва келишмовчиликларнинг асл сабабларини аниқлаш ва мулоажасини қилиш;

Экстремизм, зўравонлик ва тарафкашликка қарши курашиш;

Исломий тушунчалар, хусусан, шаръий истилоҳларни изоҳлаш, уларни нотўғри талқин қиладиган хатти-ҳаракатларга муросасиз бўлиш;

Ёшларнинг эҳтиёжларига мос келадиган услубларни ишлаб чиқиш, келажак авлодни ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш ва зулм-зўравонлик кайфиятини йўқотиш;

Коррупциянинг олдини олиш ва осойишталикни мустаҳкамлаш учун доимий чора-тадбирлар қўллаш;

Тинчлик, адолат, бағрикенглик ва тенгликни тарғиб қилиш йўналишида дунёнинг нуфузли идоралари билан ҳамкорлик қилиш.

 

Кенгаш бошқаруви ва аъзолари

Мазкур мақсад ва вазифаларни амалга оширишда уламоларнинг ўрнини ошириш, уларнинг тажриба ва мавқеларидан фойдаланиш устувор масала ҳисобланади.

Кенгаш бошқаруви аъзолигига ўзининг серқирра фаолияти билан обрў-эътиборга эришган мусулмон олимлари ва экспертлари жалб қилинади. Кенгаш ўз фаолиятини бошқариш ва муҳим масалаларни муҳокама қилишда мустақил қарор чиқаради.


Айни вақтда Кенгаш қуйидаги аъзолардан ташкил топган:

🔸 Шайх Абдуллоҳ ибн Байя, БААнинг Фатво кенгаши раҳбари ва Абу Даби тинчлик форуми раиси (Мавритания).

🔸 Ғози бин Муҳаммад бин Талал, Иордания Қирол ал-Байт исломий тафаккур жамғармаси Васийлар кенгаши раиси (Иордания).

🔸 Профессор доктор Ҳасан аш-Шофеий, Ал-Азҳар ҳузуридаги йирик уламолар кенгаши аъзоси, Миср Араб Республикаси Араб тили академияси раиси (Миср Араб Республикаси)

🔸 Шайхулислом Aллоҳшукур Пошозода, Кавказ мусулмонлари идораси раиси (Озарбайжон)

🔸 Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий (Ўзбекистон)

🔸 Профессор доктор Муҳаммад Қурайш Шиҳоб, Индонезия дин ишлари бўйича собиқ вазири (Индонезия)

🔸 Профессор доктор Абдуллоҳ Нассиф, Саудия Арабистонидаги Ислом олами уюшмаси собиқ бош котиби (Саудия Арабистони)

🔸 Шайх Абдураҳмон бин Муҳаммад бин Рошид ал-Халифа, Баҳрайн Ислом ишлари бўйича олий кенгаш президенти (Баҳрайн)

🔸 Профессор доктор Мустафо Бенҳамза, Марокаш Олий илмий кенгаши аъзоси (Марокаш)

🔸 Шайх Шариф Иброҳим Солиҳ ал-Ҳусайний, Нигерия Ислом ишлари бўйича Олий Кенгаш Фатво бошқармаси раиси (Нигерия)

🔸 Профессор доктор Қутб Сано, Гвинея давлати Дин ишлари вазири (Гвинея)

🔸 Шайх Саййид Али ал-Амин, Ливан давлати вакили (Ливан)

🔸 Доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий, Малайзия Вақф ишлари вазири (Малайзия)

🔸 Шайх Аҳмад ан-Нур Муҳаммад ал-Ҳилу, Чад давлати бош муфтийси (Чад)

🔸 Доктор Аҳмад Абдулазиз Ҳаддод, Ислом фиқҳи академияси аъзоси (БАА)

🔸 Маҳамаду Иссуфу, Нигерия вакили (Нигерия)

 

Аллоҳ таоло Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мазкур кенгашга аъзоликлари давомида Ислом дини равнақи ва мўмин-мусулмонлар фаровонлиги йўлида муносиб хизмат қилишларини муваффақ айласин.


#xabar #kengash #muftiy #shayx

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

MUSLIM.UZ GA 😎 OBUNA BO'LING (https://t.me/+PSOPDevNs2Va-wt7)


▶️ YouTube (https://www.youtube.com/@Muslimuzz/featured)

📷Instagram (https://www.instagram.com/muslimuzportali/)

🔵 Facebook (https://www.facebook.com/muslimuzportal)




Report Page