Марказий Осиё + Япония ҳамкорлиги: янги имкониятлар ва стратегик ташаббуслар
Давлатимиз раҳбари Японияда бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” саммитида иштирок этдилар. Президентимизнинг ушбу саммитдаги нутқлари нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу, аввало, Япония билан ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, шунингдек, Марказий Осиё эндиликда бир яхлит минтақавий макон сифатида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун салмоқли имкониятларга эга экани билан изоҳланади.
Саммит доирасида икки томонлама мулоқотлар билан бир қаторда, Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари имкониятларини бирлаштириш, япон технологияларини жалб этиш, шу асосда ўзаро манфаат ва ишончга таянган барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари нутқларида ушбу йўналишдаги бир қатор муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтдилар.
Хусусан, Президентимиз энергетика ва инфратузилмавий лойиҳаларни ривожлантиришда Япониянинг энг илғор тажрибалари ва инвестициявий кўмагини жалб этиш бўйича аниқ таклифларни илгари сурдилар. Шу мақсадда Марказий Осиё инвестиция жамғармасини ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Мазкур жамғарма йирик инфратузилма, логистика ҳамда саноатлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим молиявий манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари япон технологияларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Маълумки, дунёда юқори даражада ривожланган инновацион технологияларни ишлаб чиқаётган мамлакатлар саноқли бўлиб, Япония шулар жумласидандир. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда мавжуд минерал ресурслар ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини шакллантиришда япон технологияларини жорий этиш ниҳоятда муҳим экани қайд этилди. Бу нафақат янги лойиҳаларни амалга ошириш, балки соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва кадрлар салоҳиятини оширишда ҳам ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади.
Нутқларда энергетика соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. Бугунги кунда Япония бизнеси мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда, жумладан инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Айниқса, яшил энергетикани ривожлантириш, қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини ҳудудларда кенг жорий этиш борасида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга чақирилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2035 йилга қадар заҳарли газларни атмосферага чиқариш ҳажмини икки баробарга қисқартириш мажбуриятини ўз зиммасига олгани бутун жаҳон жамоатчилигига маълум қилинди. Ушбу мақсадларга эришишда Япония технологиялари, япон олимлари томонидан яратилган илмий ишланмалар ва инновацион ечимлар муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.