Атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш – мамлакатнинг устувор йўналиши

Атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш – мамлакатнинг устувор йўналиши


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз пойтахтидаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган долзарб ва айни вақтида қабул қилинган ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ушбу фармонни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Партия барча даражадаги депутатлар, фаоллар ва тузилмалар орқали фармонда белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишида қуйидаги йўналишларда ўзи учун аниқ ва долзарб вазифаларни белгилаб олди.

I. Ташкилий чора-тадбирлар:

a) фармонда белгиланган масалалар ижроси бўйича, шунингдек табиатни асраш ва фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида парламент ва маҳаллий Кенгашларда қатъий депутатлик назорати ўрнатамиз;

б) атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ва қонунчилик талабларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида барча даражадаги депутатлар ҳамда табиатимизга бефарқ бўлмаган фаол фуқаролардан иборат Жамоатчилик назорат гуруҳлари тузилди ҳамда уларнинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаймиз;

в) Тошкент шаҳридаги экологик вазият, ҳаво сифати, қурилиш ишлари ва яшил ҳудудларнинг ҳолати бўйича жойларда доимий жамоатчилик мониторингини ўтказиш ҳамда аҳолини экологик ҳаракатларга кенг жалб этамиз;

г) пойтахтда яшил майдонларни кўпайтириш, атмосфера ҳавосини яхшилаш ҳамда экологик маданиятни оширишга қаратилган партиявий лойиҳаларни амалга оширамиз.

II. Ташаббуслар:

a) барча ҳудудларда, аввало Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича “Мусаффо ҳаво – 2030 миллий дастури”ни ишлаб чиқилиши бўйича чоралар кўрамиз;

б) атмосфера ҳавосини яхшилаш бўйича хорижий давлат тажрибасидан келиб чиқиб, пойтахтимизда атмосфера хавосини яхшилаш ва тозалашга қаратилган Smog Filtering Towers каби йирик иншоотларни ўрнатиш масаласини Махсус комиссия билан биргаликда ишлаб чиқамиз;

в) бизнес юритишда экологик этика масалаларига тўла риоя қилишни ўз шиорига айлантирган тадбиркорлар ҳаракатини қўллаб-қувватлаймиз, уларнинг сафлари кенгайиб боришини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларини амалга оширамиз;

г) тадбиркорлар орасида эколик маъсулиятли фаолиятни оммалаштириш ва рағбатлантиришга қаратилган янги партиявий лойиҳа – “Экологик масъулиятли тадбиркор” лойиҳасини ишга туширамиз ва экологик масъулиятли тадбиркорларни рағбатлантириб борамиз;

д) тадбиркорлар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш, чиқиндиларни ташлашни камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида экологик тоза энергияга ўтишни жадаллаштиришга қаратилган Бизнесга экологик ёрдам дастурини ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширамиз;

е) экологик тоза транспортлар учун зарур инфратузилмани ривожлантириш, электр транспорт воситаларини оммалаштириш бўйича қўшимча имтиёзлар қонунни қабул қилиш зарур. Бу борада фракция билан ишларни бошлаймиз;

ж) кўмир, мазут каби атроф-муҳитга кучли зарар етказаётган энергия манбаларини ўрнига босқичма-босқич экологик тоза геотермал ва бошқа қайта тикланувчи энергия турларини кенг йўлга қўйиш бўйича ташаббусларни илгари сурамиз.

O'zLiDeP мамлакатимизда экологияни яхшилаш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш ва соғлом муҳит яратишни устувор йўналиш деб билади. Партия барча фуқаролар, жамоат ташкилотлари ва масъул идораларни ушбу муҳим жараёнда бирлашишга чақиради.

O'zLiDeP – тоза ҳаво, соғлом муҳит ва яшил келажак учун!

 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси

Ахборот хизмати


Report Page