Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

муносабат


Риштон туман тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлими ҳайдовчилари томонидан механик Х.Махмудовнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ижтимоий тармоққа йўлланган мурожаатни ўрганиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли “Шифо тез ёрдам” автокорхонаси ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви ўтказилди.

Маълумки, Риштон тумани тез тиббий ёрдам бўлимида 19 дона махсус тез ёрдам автомашиналари мавжуд. Бундан 9 та автотранспорт бензин ёқилғисида юради, қолган 10 дона автомашина эса метан газга қайта жиҳозланиб, фойдаланилади.

Ишчи гуруҳи аъзолари мурожаатда келтирилган фикрларни ўрганиш мақсадида ҳайдовчилар билан суҳбат ўтказдилар. Суҳбат жараёнида ҳайдовчилар мурожаатдаги важлар, яъни, "ўз ҳисобидан ёқилғи қуйиб ишлашаётганлиги, давлат тамонидан ажратилган ёқилғи мақсадсиз сарфланиши ва ҳайдовчиларга ёқилғи қолдиғини юклаб қўйиш" каби ҳолатлардан умуман хабардор эмасликларини маълум қилдилар. Автоуловларга ёқилғи тез ёрдам бўлимига қарашли ёқилғи қуйиш шахобчасидан қуйилишини, механик Х.Махмудов эса ҳайдовчиларга ҳеч қачон қўпол муомалада бўлмаганлигини баён қилиб,  буни тушунтириш хатлари орқали ёзиб беришди.

Мурожаатда эҳтиёт қисмлари бўйича билдирилган фикрлар ҳам ўрганилди. Ўрганиш жараёнида Риштон туман тез ёрдам бўлимидаги махсус автомашиналарга 2020 йил мобайнида 17 млн. 2 минг сўмлик, 2021 йил январ ойига 1 млн. 693 минг сўмлик эҳтиёт қисмлари Фарғона “Шифо тез ёрдам” автохўжалик корхонаси томонидан қонунда белгиланган ҳужжатлар асосида етказиб берилгани маълум бўлди.

Ишчи гуруҳи томонидан ёқилғининг мақсадли сарфланиши ҳам текшириб чиқилди. Хусусан,  2021 йил 1 январь ҳолатига 1280 литр АИ 80 турдаги ёқилғи қолдиғи мавжуд бўлиб, 2021 йил 18 январ куни Фарғона “Шифо тез ёрдам” автохўжалик корхонаси томонидан яна 1675 литр АИ 80 турдаги ёқилғи берилган. Жорий йилнинг 22 январь кунига қадар жами 7 та махсус автомашиналарига 1520 литр ёқилғи қайднома асосида қуйиб берилган. Ўрганиш жараёнида 1435 литр ёқилғи захира сифатида махсус идишда сақланаётганлиги аниқланди. Ёқилғи ҳисоботида фарқ аниқланмади.

Мурожаатдаги механик Х.Махмудов тамонидан ўзига қарашли ҳайдовчиларга навбатчилик қўшиб берилаётгани ҳақидаги важлар ҳам асоссиз бўлиб чиқди. Мазкур бўлимда ҳозирги кунда 68 нафар ҳайдовчи ишлаб келмоқда. Ҳайдовчилар навбатчилик жадвали асосида иш фаолиятини олиб боришади. Бир ой давомида бир нафар ҳайдовчига 7 ёки 8 тадан навбатчилик тўғри келиб, ойлик иш соатлари 168 ва 192 соатни ташкил қилмоқда. Ўрганиш жараёнида бирорта ҳайдовчига қўшиб ёзиш ҳолати кузатилмади.

Ўтказилган хизмат текшируви якуний хулосасига кўра мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмади.

Шундай бўлишига қарамай ишчи гуруҳи томонидан тез ёрдам бўлими мутасадди раҳбарларига ходимлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.


Report Page