Муфтий ҳазрат Қирғизистон Уламолар кенгаши раисини қабул қилдилар
muslim.uzБугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари муҳтарам меҳмонларни юртимизга ташрифи ва халқаро анжуманлардаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдириб, бугунги мураккаб замон Ислом олами, хусусан, туркий давлатлар диний идоралари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни тақозо этаётгани, бу борада кейинги йилларда диндош ва қардош ўзбек ва қирғиз халқлари уламолари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани, айниқса, айрим фатволарни биргаликда ишлаб чиқиш ва ҳайит намозлари вақтини белгилаш масалалари бунга мисол эканини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бериш билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси мақсад-вазифалари, асосий фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалари тўғрисида ҳам ўртоқлашдилар.
Ўз навбатида Абдиманап домла Масалиев ҳазратлари самимий қабул ва нуфузли анжуманларга таклиф учун миннатдорлик билдириш асносида Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев ҳазратларининг салом ва табрикларини етказдилар. У ўз сўзи давомида юртимизда бўлиб ўтган халқаро анжуман ва форумлар Ислом оламидаги катта уламоларни бир жойга жамлагани, уларда кўтарилган масалалар динимиз ривожи ва мўмин-мусулмонлар бирдамлигига хизмат қилиши айтиб мазкур нуфузли тадбирлар муваффақиятли ўтгани билан муборакбод этдилар.
Абдиманап домла Масалиев ҳазратлари икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳада, хусусан, диний-маърифий соҳада янада ривожланиб бораётгани, бунда қардош юрт муфтийларининг катта ҳиссалари борлиги, Ўзбекистонда диний соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишаётганини алоҳида қайд этдилар.
Самимий учрашув давомида икки давлат диний идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, биргаликда фатволар ишлаб чиқиш масалаларида ўзаро келишиб олдилар.
Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ва Медиа маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, уламолар ва мутахассислар билан соҳани ривожлантириш масаласида фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати