МУФТИЙ ҲАЗРАТ МИСРДА 90 ДАН ОРТИҚ УЛАМОЛАР САФИДА АНЖУМАНДА ИШТИРОК ЭТАДИЛАР
muslim.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Алломнинг таклифига биноан Қоҳира шаҳрининг Наср шаҳарчасида 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Фатвонинг мамлакат ва жамият барқарор ривожланишида тутган ўрни”нинг муҳокамасига бағишланган йирик анжуманда иштирок этадилар.
Ташриф доирасида Муфтий ҳазратлари ушбу нуфузли конференцияда нутқ қиладилар ва мўмин-мусулмонлар учун муҳим бўлган бир қатор масалаларни муҳокама этиш ҳам режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, ушбу анжуманда Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Аллом, Вақф вазири доктор Муҳаммад Мухтор Жумаъ, Адлия вазири маслаҳатчиси Умар Марвон, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти директори ёрдамчиси доктор Ханан Балхий, Жиддадаги Ислом фиқҳи академияси бош котиби Шайх Қутб Сано, қолаверса, Болгария, Нигерия, Индонезия, Белгия, Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Фаластин, Ливан, Сингапур, Япония, Чад, Танзания, Қамар ороллари Республикаси, Қозоғистон каби давлатлардан муфтийлар, исломшунос олимлар, эксперт ва соҳа ходимлари ҳамда мутахассислари иштирок этади.
Бутун Ислом оламининг йирик уламо ва соҳа мутахассислари иштирокида бўлиб ўтадиган ушбу икки кунлик анжуман Мисрнинг Наср шаҳарчасида жойлашган “Ал-Масса” меҳмонхонасида эрталаб соат 10:00 дан ўз ишини бошлаши кутилмоқда.
✍️ Сафар жараёнлари, йиғилишда муҳокама этилган мавзулар ҳақидаги сўнгги маълумотлар сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.
🤲 Аллоҳ таоло муфтий ҳазратларининг ушбу сафарларини хайрли, мамлакатимиз ва бутун мусулмон уммати учун манфаатли бўлишини насиб этсин. Нутқларини таъсирли ва ҳикматли айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати