Мажбурий меҳнат ҳолатлари кўп аниқланган вилоятлар маълум қилинди
Бугун, 5 сентябрь куни АОКАдаги матбуот анжуманида 2019 йилги пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари кўпроқ аниқланган вилоятлар маълум қилинди. Бу ҳақда касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев ахбoрот берди.
“Aгарда 2019 йил якуни бўйича кўпроқ қайси вилоятларда мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганини айтадиган бўлсак, мурожаатларнинг 21 фоизи Қашқадарё вилоятидан, 20 фоизи Жиззах ва 11 фоизи Тошкент вилоятидан келиб тушган”, деди раис ўринбосари.
Таъкидланишича, 2019 йилда мамлакатдаги корхоналарнинг 3900 нафарга яқин ходимлари пахта теримига жалб этилган.
Шунингдек, анжуман давомида Бахтиёр Маҳмадалиев касаба уюшмаларида юридик клиника борлигини таъкидлаб, клиника бажарадиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
“Бу ерда касаба уюшмаси аъзоси бўлишидан қатъи назар фуқароларга бепул юридик хизмат кўрсатилади. Аҳолининг барча қатламидан, айниқса меҳнат муносабатлари юзасидан йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилади.
Юридик клиника 14 та вилоят бирлашмасида фаолият кўрсатмоқда. Юридик клиника қошида “1092” қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилган”, деди у.
Маълумот берилишича, 2019 йилда касаба уюшмаларига жами 7580 та, хусусан пахта мавсумида 433та мурожаат келиб тушган.