КАСАБА УЮШМА АЪЗОЛИК БАДАЛЛАРИНИ ТАҚСИМЛАШ ТАРТИБИ
@navoi_kasaba
- Федерациянинг Уставига мувофиқ касаба уюшмасига аъзолик бадаллари, ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендиялар)нинг 1 фоизидан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.
Касаба уюшмасида ҳисобда турган ишламайдиган пенсионерлар республикада белгиланган энг кам ёшга доир пенсия, ишни вақтинча тўхтатган шахслар республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи (меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига нисбатан ҳисобланган иш ҳақи)нинг бир фоизи миқдорида бадал тўлайди.
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (стипендия)га нисбатан ҳисобланган аъзолик бадаллари тармоқ ва ҳудудий келишувлар, жамоа шартномаларига асосан корхона, ташкилот ва муассасалар бухгалтерияси орқали ушлаб қолиниб, улар томонидан бошланғич ҳамда юқори касаба уюшмалари ташкилотларига ўтказиб берилади.
- 2013 йилнинг 15 февралидан бошлаб касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан амалда йиғилган аъзолик бадалларининг умумий миқдоридан:
бошланғич ташкилотларда 60 фоизи;
мазкур Низомнинг 1-иловасидаги балансида ижтимоий объектлари (болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари, маданият саройлари, кутубхоналар, тиббий реаблитация марказлари, мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари) мавжуд бўлган корхона, ташкилотларнинг касаба уюшмалари қўмиталарида 70 фоизи (1-иловада кўрсатиб ўтилган корхона, ташкилотларнинг рўйхатига Федерация Кенгашининг Раёсати томонидан тегишли муддатларда ўзгартиришлар киритилиши мумкин) қолдирилади;
қолган 30-40 фоизи ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг жамғарма-депозит ҳисоб рақами орқали тўлалигича Федерация Кенгашининг транзит ҳисоб рақамига ўтказилади (бадалларни йиғиш схемаси 2-иловада).
- Шунингдек, йиғилган аъзолик бадаллари бошланғич касаба уюшма ташкилоти бевосита туман, шаҳар кенгаши ёки бирлашган қўмиталарнинг касаба уюшма хизматида бўлган ҳолларда:
ўз ҳисоб рақамига эга бўлган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида йиғилган аъзолик бадаллари мазкур Низомнинг 4.2-банди билан белгиланган қисми (60-70 фоизи) корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бухгалтерияси орқали бошланғич касаба уюшма ташкилоти ҳисоб рақамига, қолган (30-40 фоиз) қисми мазкур бошланғич ташкилотга касаба уюшма хизмати кўрсатадиган тегишли туман, шаҳар кенгаши ёки бирлашган қўмитанинг ҳисоб рақамига, ўз навбатида ушбу маблағ тўлалигича ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг жамғарма-депозит ҳисоб рақамига ўтказилади;
ўз ҳисоб рақамига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида йиғилган аъзолик бадаллари тўлалигича (100 фоиз) корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бухгалтерияси орқали мазкур бошланғич ташкилотга касаба уюшма хизмати кўрсатадиган тегишли туман, шаҳар кенгаши ёки бирлашган қўмитанинг ҳисоб рақамига, ўз навбатида ушбу маблағларнинг 30-40 фоизи ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг жамғарма-депозит ҳисоб рақамига ўтказилади.
- Бошланғич ташкилот бевосита тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг касаба уюшма хизматида бўлган ҳолларда:
ўз ҳисоб рақамига эга бўлган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида йиғилган аъзолик бадаллари мазкур Низомнинг 4.2-банди билан белгиланган қисми (60-70 фоизи) корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бухгалтерияси орқали бошланғич ташкилот ҳисоб рақамига, қолган (30-40 фоиз) қисми тегишли ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг жамғарма-депозит ҳисоб рақамига ўтказилади;
ўз ҳисоб рақамига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида йиғилган аъзолик бадаллари тўлалигича (100 фоиз) корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бухгалтерияси орқали тегишли ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашларининг жамғарма-депозит ҳисоб рақамига ўтказилади.
- Ўз ҳисоб рақамига эга бўлмаган бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг сарф-харажатлари, уларнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ, марказлашган ҳолда тармоқларнинг тегишли туман, шаҳар кенгашлари ёки бирлашган қўмиталар томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари ҳам туман, шаҳар кенгашлари ёки бирлашган қўмиталар тузилмасига эга бўлмаган тармоқ касаба уюшмаларида ҳисоб рақамига эга бўлмаган бошланғич ташкилотларнинг сарф-харажатларини, уларнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ, марказлашган ҳолда амалга оширилишини қатъий тартибда таъминлайди.
- Авиация ходимлари тармоқ касаба уюшмасининг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан амалда йиғилган ялпи аъзолик бадалларининг
40 фоизи, мазкур тармоқнинг Республика кенгашига ўтказилади.
- Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари тармоқ касаба уюшмасининг бошланғич ташкилотларида амалда йиғилган ялпи аъзолик бадалларининг 50 фоизи қолдирилади ва улар томонидан йиғилган аъзолик бадалларининг қолган 50 фоизи мазкур тармоқнинг Республика кенгашига ўтказилади.
- Авиация ходимлари касаба уюшмаcи Республика кенгашига аъзолик бадаллари ялпи тушумининг 10 фоизидан ошмаган миқдорда, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаcи Республика кенгаши томонидан тармоқдаги корхоналар тасарруфидаги ижтимоий объектларда ишловчи ходимларни сақлаш учун қисман маблағ ажратилаётганлигини ҳисобга олган ҳолда аъзолик бадаллари ялпи тушумининг 15 фоизидан ошмаган миқдорда маблағ қолдирилиши тавсия этилади.
- Аъзолик бадаллари ялпи тушуми ҳисобидан Федерация Кенгашига ўтказиладиган ажратмалар Авиация тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларидан
20 фоиз, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари тармоқ касаба уюшмаси ташкилотларидан 15 фоиз миқдорда белгиланади.
Аъзолик бадаллари ялпи тушуми ҳисобидан тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари аппарат ходимларини сақлаш учун маблағларнинг фоиз ҳисобидаги аниқ миқдори (бошланғич касаба уюшма ташкилотларида қоладиган маблағлар ҳисобидан) Республика кенгашлари томонидан белгиланади.
- Касаба уюшмалари органлари томонидан юқори касаба уюшмалари ташкилотларига аъзолик бадалларининг ўз вақтида ўтказилишини таъминлашга бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари, тармоқларнинг туман, шаҳар кенгашлари, бирлашган қўмиталари, тармоқ касаба уюшмалари Республика, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари раислари шахсан жавобгардирлар.