Олтинсой туманига янги ҳоким тайинланди

Олтинсой туманига янги ҳоким тайинланди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Бугун, 22 июнь куни Халқ депутатлари Олтинсой тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман Кенгаши депутатлари, вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди. Уни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.

Йиғилишда туманни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар танқидий баҳоланиб, қўлга киритилган ютуқлар билан бирга мавжуд муаммоларни ечиш, одамларни ўйлантириб, ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги вазифалар атрофлича таҳлил қилинди. Қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бойниязов Эркин Бозорович Олтинсой тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Жумаев Алишер Туробович Олтинсой тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда сўзга чиққанлар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни ҳал этиш йўллари, туман фаоллари олдида турган долзарб вазифалар аниқ кўрсатиб берилгани, ана шу амалий кўрсатмалар асосида ишни тўғри ташкил этиб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилиш ва кўзланган марраларга эришиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.