Термизда Ҳаким Термизий номидаги жоме масжиди очилди
Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmatiПрезидентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида янги масжид лойиҳаси билан танишиб, тегишли топшириқларни берган эди.
“Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамияти буюртмасига асосан “Профгрупп” МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилган масжидда барча шарт-шароит яратилган.
Муборак Рамозон ойида фойдаланишга топширилган янги жомеь масжиди Сурхондарё вилояти аҳолиси, айниқса термизликларга муносиб совға бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 6 гектар майдонда қурилган муаззам мажмуада Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва имомлар учун 5 та хизмат уйи, меҳмонхона, оталар чойхонаси ва бошқа хизмат кўрсатиш иншоотлари қад ростлади.
Жоме масжидида бир йўла 2 минг 250 дан ортиқ мусулмоннинг тоат-ибодат амалларини бажаришига мўлжалланган хонақоҳ мавжуд.
– Бу ерда эркаклар ва аёлларнинг ибодат қилишлари учун алоҳида хонақоҳлар қурилди, – дейди “Профгрупп” МЧЖ иш бошқарувчиси М.Абдуллаев. – 70 ўринга мўлжалланган таҳоратхонада ҳам барча қулайлик яратилган. Барча залларга иссиқ пол қопланган. Шунингдек, совитиш тизимлари ўрнатилган.
Миллий ва замонавий архитектура ечимлари асосида қурилган масжиднинг икки ёнида ҳар бири 41,5 метр бўлган иккита минора, баландлиги 22 метр бўлган салобатли гумбаз ҳам қадимий шаҳар кўркига ўзгача чирой улашди.
Янги масжиднинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.
Бугун ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади.