Маҳоратли боксчи Баҳодир Жалоловга янги уйнинг калити топширилди

Маҳоратли боксчи Баҳодир Жалоловга янги уйнинг калити топширилди

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларни янги марралар сари руҳлантириши шубҳасиз.

Бугун вилоят ҳокимлигида спорт федерациялари мутасаддилари, мураббийлар, спорт жамоатчилиги ва спортчи ёшлар иштирокида ўтказилган учрашувда халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган бир гуруҳ сурхондарёлик йигит-қизларнингспорт соҳасида эришаётган ютуқлари эътироф этилди.

Тадбирда бокс бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон Кубоги соҳиби, жаҳон ҳамда Осиё чемпионатлари совриндори, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби Баҳодир Жалоловга Термиз шаҳрида бунёд этилган барча шароитларга эга 2 хонали уйнинг калити ва эгалик сертификати топширилди.

Б.Жалолов 1994 йилнинг 8 июлида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. 2018-2019 йилларда ўтказилган профессионал бокс жанглари ғолиби.

Иқтидорли боксчимиз 2019 йилнинг апрель ойида АҚШнинг Нью-Йорк штатида ўтказилган баҳсларда “NABF Junior Heavyweight Title” титул камарини, Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. У ҳозирда 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўрмоқда.