Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир

Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир

Surxondaryo viloyati hokimligi matbuot xizmati

Бугун Термиз археология музейида 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан вилоятнинг машҳур бахшилари ижоди ва фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

Унинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Р.Чориев, Ўзбекистон халқ бахшилари Ш.Болтаев, Х.Мардонақулов ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда халқ оғзаки ижодини қўллаб-қувватлаш, бахши-шоирлар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, ўзбек халқ оғзаки ижодини тарғиб қилиш, эл суйган бахшилар хизматини дунёга кенг тараннум этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Кўргазмада Сурхондарё вилоятида бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бахшиларнинг миллий кийимлари, дўмбира ва бошқа ноёб буюмлари намойишига кенг ўрин ажратилган.

Ҳозиргача мамлакатимизда Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига сазовор бўлган 28 нафар бахшининг 9 нафари сурхондарёлик бахшилардир. Кўргазмада томошабинлар Қора Умиров, Шоберди Болтаев, Хўшбоқ Мардонақул ўғли, Абдуназар Поёнов каби Ўзбекистон халқ бахшилари, шунингдек, “Ниҳол” мукофоти совриндори Илҳом Норов ва бошқа бахши-шоирлар ҳаёти, ижоди ва фаолиятига доир қизиқарли маълумотларга эга бўлади.

Тадбирда бахшиёна шеърлар ўқилди. Ўзбекистон халқ бахшилари ва ёшлар қизиқарли термалар ижро этиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Report Page