Тошкент учун 30 та янги трамвай, Киевдан хат, журналистларга ҳайитлик. Ўзбек матбуоти 7 апрелда нималар ҳақида ёзган?

Тошкент учун 30 та янги трамвай, Киевдан хат, журналистларга ҳайитлик. Ўзбек матбуоти 7 апрелда нималар ҳақида ёзган?

Кун матбуоти тарихи

Тарих — инсоният ҳаёти такрорлардан иборат эканидан сабоқ берувчи энг яхши устоз; инсоният ҳар кунлик бу сабоқларидан доим ҳам вақтида, тўғри хулосалар чиқармаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади. Биз ўзбек матбуоти кўзи билан ҳам Ўзбекистоннинг, ҳам жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига назар солишга уриниб кўришга қарор қилдик. Айнан бугунги санада бундан ўн йиллар аввал қандай воқеалар содир бўлган, ўша давр матбуоти бу ҳақда нималар ёзган, жамоатчилик уларга қандай муносабат билдирган — буларнинг барини нашримизнинг янги рукнида билиб бориш мумкин. Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 7 апрель, пайшанба

Тошкентда трамвайни қайта тиклаш кун тартибидаги мавзуга айланди. Салкам бир аср муқаддам эса трамвай шаҳарнинг асосий жамоат транспорти эди. “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1932 йил 7 апрель сонида эълон қилинган рақамлар бу фикрни тасдиқлайди: «Ўтган йил Тоштрам ихтиёрида 90 та мотор вагонлар, 51 дона қўшимча вагонлар ва 16 дона платформалар бор эди. Ўтган йили 88 миллион йўлчи юргизилган. Ҳар куни 94 вагон тўховсиз юриб турганда улар ҳар соатга 9,19 километр юрдилар. Юргизилган йўловчилар ҳар вагонга ҳар куни 2548 киши тўғри келди. Бу ҳисоб билан олганда Тошкентда яшовчилардан ҳар бири ўрта ҳисоб бир йилда трамвайга 202 бор тушган бўлади».

Таъкидланишича, бу рақамлар план бўйича белгиланган кўрсаткичлардан паст. «Бошқа кўрсатмаларнинг тўла бажарилмаслигига асосий сабаб шуки, Тошгэс трамвайга электр қувватини ўз вақтида етарлик миқдорда бериб турмади», дейилади «Тошкент учун 18 миллион сўм» сарлавҳали ҳисоботда. Газетада ёзилган режага кўра, 1932 йилда йўловчи ташиш ҳажми 110 миллион йўловчига етказилиши керак эди («ўрта ҳисоб билан ҳар киши 235 маротаба трамвайга тушишига тўғри келади»), бунинг учун шаҳарга яна 31 та трамвай вагони олиб келиниши кўзда тутилган. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас: «Бу йил ҳукумат томонидан тасдиқланган план бўйича Тошкент 70 та автобус... олади». Тошкентда бунақаси сўнгги, 2019—2021 йилларда ҳам кузатилмаётган эди.

90 йил аввалги ўзбек матбуот саҳифаларида мамлакатдаги сиёсий тадбирлар нафақат маҳаллий, балки халқаро масалаларни қамраб олганини кўриш мумкин. «Қизил Ўзбекистон»даги «Скоттсборо маҳбусларини ҳимоя» сарлавҳали хабар бунга далил бўла олади:

«Ўзбекистон меҳнаткашлар оммаси 17 нчи майда 7 негр ишчисини ўлдириш учун бораётган тайёргарликка қарши норозилиқ билдиришини давом қилдиради. Негр биродарларнинг устидаги оқ террор ва қувғинга жавобан ёппасига МОПРга аъзо бўлиб кириш тўғрисидаги қарорлар чиқарилмоқда, ҳукмни бекор қилиш ва ҳеч бир айби бўлмаган негр ишчиларини озод қилиш тўғрисида талаблар ўртага қўйилмоқда».

60 йил аввал. 7 апрель, чоршанба

«Киевда баҳор. Крешчатик кўчасидаги каштанлар хушбўй ҳид уфуриб гуллаб ётибди», деб бошланади «Қизил Ўзбекистон»нинг 1962 йил 7 апрель сонидаги «Ҳамшаҳарлар учрашганда. Киевдан хат» сарлавҳали материал. Қисқа материалда «Киевга, қардош Украинанинг пойтахтига фан чўққиларини эгаллашдек буюк орзу билан келган» ўзбекистонликлар ёшлар ва уларнинг украиналик тенгдошлари муносабатлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Газетанинг худди шу сонида «қишлоқларни электрлаш ишларининг ёмон бораётгани, кўчаларни, хонадонларни ёритиб турган электр нурининг сабабсиз ўчириб қўйилаётгани» ҳақида «Чироқ ёқиб, айбдорни ахтариб...» сарлавҳали материал ҳам эълон қилинган.  Унда Чиноз, Урганч, Бекобод, Бўка туманларида яшовчи муштарийларнинг мурожаатлари берилган. Уларнинг бирида шундай дейилади:

«Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деганларидек, Бекобод районидаги 2-«Далварзин» пахтачилик совхози территориясида ўн беш йилдан бери Фарҳод ГЭСи ишлаб турибди. Шунга қарамай, ГЭС ёнидаги Тақачи қишлоғи аҳолиси ҳамон электр ололгани йўқ». Дарвоқе, бундан 60 йил аввал ёзилган материалнинг охирида шундай сўзлар бор: «Ҳозир республикамизда яратилаётган электр қуввати ҳамма хонадонларни, ҳамма қишлоқни, ҳеч мустасносиз, ёритиш имкониятини тўла таъминлайди...».

30 йил аввал. 7 апрель, сешанба

Бош мавзу — 1992 йил 7 апрелдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишидир. Янги прейскурантга кўра, масалан, биринчи категориядаги барча турдаги гўштнинг биринчи нави — 45 сўм, тухум (10 донаси) — 15 сўм. Нархи оширилмаган маҳсулотлар ҳам бор, масалан, қанд-шакарнинг 1 килоси 8 сўм. «Халқ сўзи»нинг ёзишича, республика ҳукумати нархларни «бир қанча объектив сабаблар туфайли ноиложликдан» оширган. Газета материалида таъкидланишича, ўша вақтда ўша вақтда Ўзбекистон гўшт ва сут маҳсулотларининг 55 фоизини, қанд-шакарнинг 100 фоизини четдан келтирар, бу маҳсулотлар МДҲ мамлакатдаридан ва хориждан «шартномавий бозор нархларида» сотиб олинган. «Масалан, ҳозирги вақтда республикага гўшт ҳар килограмми 90—100 сўм, шакар — 30—35 сўм, тухум — 10 донаси 29 сўм... нарх билан келтирилмоқда», дейилади материалда.

«Иккинчидан, аҳолига молларни сотишнинг талонли ва купонли тизими билан ички бозор ҳимоя қилинаётганига қарамай бундай моллар, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамон Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетилмоқда, бундай маҳсулотларнинг нархи қўшни республикаларда биздагига нисбатан қимматроқ», — дейилади газета изоҳи давомида. Айни вақтда, алоҳида таъкидланишича, «янги чакана нархларни жорий этишга мажбур бўлинган шароитда ҳам бу нархлар Ўзбекистонда бошқа республикалардагига нисбатан анча арзонроқ бўлиб қолаверади, буни қуйида келтирилган жадвалдан кўриш мумкин».

Ўзбекистонда 1992 йил баҳорининг бош мавзуларидан яна бири — Мингбулоқдаги нефть кони. 2 март куни Наманган туманининг Мингбулоқ қишлоғидаги пармалаш ишлари вақтида бурғи 5237 метр чуқурликка етганида нефтнинг кучли фонтани отилиб чиққан. «Халқ сўзи» газетасининг 7 апрель сонида эълон қилинган «Мингбулоқ: Катта бойликнинг катта муаммолари» сарлавҳали репортажда таъкидланишича, «отилиб чиқаётган нефтнинг миқдори кутилганидан анча кўп. Бир кеча-кундузга 15 минг куб метрдан ортиб кетяпти... Кон яқинига бориш хавфли бўлиб қолди. Унинг атрофида нефть кўли кенгайиб боряпти. Бугунги кунда унинг диаметри 150 метрга етди».

Газета мухбири коннинг ўзида Ўзбекистон бош вазири Абдулҳошим Муталов ва чет эллик мутахассислар иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш тафсилотларини баён қилган. 

«Кечқурун соат 9 да мажлис тугади. Биз, журналистлар яна бир объектга боришимиз керак эди. Унгача Ўзбекистон бош вазири Абдулҳошим Муталов ва ‘Дисо Боуден’ корпорацияси бошлиғи, нефть конлари иши бўйича мутахассис мистер Боудендан мусоҳаба олдик.

— Биринчи галда шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, — деди мистер, — ўзбекистонлик мутахассислар ақл ва ишонч билан оқилона иш юритдилар. Лекин бу уринишлар ёрдам бермади. Менимча, ёқиш операциясини амалга ошириш керак. Бунинг ёрдамида қутуриб турган нефть фонтанини тўхтатиш ва уни бошқарадиган ҳолатга келтириш мумкин. Бундай коннинг очилиши Ўзбекистон иқтисоди учун катта аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

А.МУТАЛОВ: — Америкалик мутахассисларнинг беғараз ёрдамлари ва маслаҳатлари билан биз ҳозирги ҳолатни чуқур тушуниб етдик ва яқин вақт ичида бундан чиқиш чораларини кўрамиз. Бу зонада тез кунларда экологик ҳолатни меъёрлаштириш ва бу конни фойдаланишга топшириш учун ҳамма тадбирлар кўрилади».

1992 йилнинг 4 апрелида Рамазон ҳайити нишонланган. Ўзбекистон Олий Кенгаши ва Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг газетаси ҳисобланган «Халқ сўзи» 7 апрель куни бу мавзуда, хусусан, Чилонзор туманидаги Катта Қозиработ ва Дўмбиробод маҳаллалари ҳудудида бунёд этилган бежирим ва улуғвор масжидда ўқилган Ҳайит намози ҳақида ибодат жараёни акс этган фотосуратларни илова қилган ҳолда нисбатан катта материал берган.

«Маҳалла оқсоқолларининг таъкидлашича, масжид ҳашар йўли билан бир йилда бунёд этилган. Масжид меъмори Назарбекдаги Ваққос ота ибодатхонасининг устаси қўқонлик Анвархон эканлар. Албатта, бу юмушларда Чилонзор райони ҳокимиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Энг эътиборга лойиқ томони шундаки, бир йил бурун ушбу масжид пойдеворига биринчи ғиштни Моварауннаҳр мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қўйган эканлар. Бугун масжиднинг очилиш маросимида ҳам бутун пойтахт аҳли муфтий ҳазратлари бошчилигидаги ушбу қадамжога тўпланди».

Бу «Халқ сўзи»да ўша куни Ҳайит мавзусида берилган ягона материал эмас. «Қаламкашларга ҳайитлик» деган сарлавҳали хабарда таъкидланишича, «Ийд-Рамазон байрами арафасида ‘Ўзбекистон адабиёти ва санъати’ ҳафталиги ходимларига ҳайитлик берилди. Рўзнома муассиси — Маданият ва умумийинсоний қадрият халқ академияси ижодий жамоанинг ҳар бир аъзосига ўртача 1000 сўмдан пул ажратди». Не бахтки, орадан 30 йил ўтиб, бугунги кунда, бундай ҳайитликлар Ўзбекистоннинг аксарият идора ва ташкилотларида одатий ҳолга айланган.

Ҳайитга бир ойдан камроқ вақт қолди, ҳайитликларни тайёрлаб қўяверинг. Эртанги кун тарихи баҳона кўришгунча саломат бўлинг!

Ушбу материал ҳуқуқлари муаллифларида сақланган ҳолда эълон қилиш шарти билан «Дарё» интернет-нашрига тақдим этилди

Report Page