ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИГАН, ТЕЛЕВИЗОР КЎРМАЙДИГАН, РАДИО ҲАМ ЭШИТМАЙДИГАН ДОКТОРАНТ ёхуд маънавий таназзулга нима сабабчи?

ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИГАН, ТЕЛЕВИЗОР КЎРМАЙДИГАН, РАДИО ҲАМ ЭШИТМАЙДИГАН ДОКТОРАНТ ёхуд маънавий таназзулга нима сабабчи?

КОГОН ҲАЁТИ газетаси

Магистратурада таҳсил оламан. Баъзан фан устози бирор-бир муҳим иш билан ушланиб қолса, ўрнига докторантлар дарсга киришади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Машғулотимиз самимий бошланди. Турган гапки, биз, магистрантлар “докторант опа”нинг қайси мавзуда илмий иш ҳимоя қилаётгани билан қизиқдик. Мавзуси телевидение билан боғлиқ экан. Биз унга ҳавас қилдик. Ахир кўпчилигимизнинг мақсадимиз магистратурадан кейин фаолиятимизни докторантурада давом эттириш...

 

Очиғи, 90 дақиқалик “дарс”нинг дастлабки 40-50 дақиқасидан кейин ҳафсаламиз пир бўла бошлади. Айниқса мен тишимни-тишимга қўйиб ўтирдим. Ахийри бўлмади. Ёрилдим...

 

Нега дейсизми? Докторант опамизнинг айтишича, бугун ҳеч ким на газета ўқир экан, на телевизор кўрар экан, на радио эшитаркан. Улардан воз кечиш пайти келибди. Гапига эътибор беринг! Айниқса, “ҳеч ким” деган сўзларга. Аввалига одоб ва ҳурмат юзасидан ҳам индамай ўтирдим. Аммо кейин ўйландим. “Нега жим туришим керак? Ҳар ким ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга”, дедим-да:

 

– Устоз, агар рухсат берсангиз, мен ҳам камтарона фикрларим билан бўлишсам. Зеро, ҳар бир фикр айтилишга ҳақли. Гарчанд у ўринсиз, аҳамиятсиз гап бўлса-да. Ҳозир сиз, ҳеч ким газета ўқимаяпти, телевизор кўрмаяпти, радио тингламайди, ҳамма электрон нашрларга ўтган, рақамли дунёга кетишяпти, деган мазмунда фикр билдирдингиз. Тўғри, бугун ҳаётимизга интернет жуда тез суръатларда кириб келди. Масалан, ўзим ҳам деярли барча ижтимоий тармоқларда фаолман. Бироқ биз лифт чиқди, деб зинадан воз кечмадик-ку. Ёки ҳамма оммавий тарзда лифтдан фойдаланиб, зина бир четга сурилиб қолдими? Сиз айтаётган ҳеч ким ўқимаяпти деган сўзнинг ўрнига баъзан, айримлар деган фикрни ишлатсак тўғри бўларди. Бугун биз одамларни, ёшларни газета-журнал ўқишдан, китоб мутолаасидан узиб қўйсак, эртага бир гуруҳ саводсизлар авлодини тарбиялаб қўямиз. Ўзи шундай ҳам бўлди, очиғи. Мана сизга бир оддий мисол: яқинда бизнинг ишхонага журналистикани тугатган бир талаба иш қидириб келди. Иш топишда ёрдам сўради. Бироз суҳбатлашдим. Кўринишидан бинойидек кўринди...

 

– Энг сўнгги ўқиган китобингиз?

 

– Ҳозир ўқишга вақт тополмаяпман, олдинлари ўқиб турардим...

 

– Ўша олдин ўқиган охирги китобингиз қайси унда?

 

– Қодирийнинг “Сариқ девни миниб асари”...

 

– А-а-а, Абдулла Қодирийнинг шунақа асари ҳам бор эканми?

 

– Қизиқ экансиз-ку, газетада ишлаб, шуни ҳам билмайсизми? — деди уддабуронлик билан ўзининг “китобхон” эканлигини исботлашга уриниб...

 

Гапларимдан бутун гуруҳдагилар кулиб юборди. Жумладан, бояги докторант опамиз ҳам. “Кўрдингизми, гапим кулгили туюлди. Агар биз бугун газета-журналлардан бутунлай сиз ва сиз кабилардек воз кечсак, эртага ана шундай авлодларнинг замони бўлиб қолмайдими?”. 

 

Ўқитувчи фикрларимга ўзининг муносабатини билдирар экан: “Ўша йигит газета-журнал ўқиса асарнинг номини билиб қоладими? Сиз буни қандай исботлайсиз?” — деб қолса бўладими?

 

Аттанг! Минг афсус... Бунисига нима дейсиз? “Бошимни қайси деворга урсам экан?” деб турганимда, ҳар тугул, гуруҳда қатъиятли курсдошларим бор экан, фикрларимга қўшилишди. Бугун одамлар ҳаммаси ҳам ОАВдан узоқлашиб кетмагани, фақат улар ҳам ўз навбатида бугунги давр руҳига мослашиши кераклиги тўғрисида гапиришди. Камина эса бошимни деворга уриш фик­ридан қайт­дим. Лекин шуни англаб етдимки, “докторантимиз” билан тортишиш бефойдалигини. Ўзининг фикрида туриб олган эди. Газеталарда узоқ йиллардан бери битта одам ишлаши, ёшларга йўл бермаслиги, замонга мос фикрламаслиги, ёки телевизорда ҳам бутун бошли кўрсатувни ҳаёт ҳақида, хаёл ҳақида гапириб ўтказиб юбориши каби жараёнларни танқид қилди. Менда савол туғилади. “Ҳа, телевидение ёмон экан, нега унда шу соҳада илмий иш қилади бу опа?” Хуллас калом, гаплар кўп бўлди. “Ўзинг­ники ўзагингга тепиб турса” нима ҳам қиласан?..

 

Газета — журналистика мактаби

Баъзилар газеталар босма шаклдан воз кечиб, тезроқ электрон форматга ўтиши зарурлигини айтса, айримлар босма шаклнинг ўзига хос аҳамияти борлиги, шу учун ҳам “босма нашрлар” дея аталишини таъкидлайди.

 

Хўш, нега ўзи газеталарга обуна қилиш ва газета таҳририятларини қўллаб-қувватлаш зарур? Газета таҳририяти журналистика соҳасида энг яхши мактаб ҳисобланади. Ўз фаолиятини босма нашрда бошлаган журналист кейинчалик истаган ОАВда бемалол ишлаб кетади.

 

Бугун миллий журналистикада публицистика, фельетон, памфлет каби жанрларда ижод қилувчилар деярли қолмагани ҳам айнан газеталарга нисбатан эътиборсизликнинг натижаси дейиш мумкин. Асл журналистика мактабини асраб қолиш зарур!!!

 

Босма нашрлар албатта керак!

Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар, маънавият ходимлари, энг асосийси, раҳбарлар босма нашрларни ўқиши лозимлигини алоҳида қайд этадилар. Шубҳасиз, мамлакатимиз етакчисининг бу жонкуярлик билан билдирган фикрлари бежиз эмас.

 

Биласизми, интернет фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа жойларда ҳам таъсирини кўрсат­япти. Лекин бошқа мамлакатларда барибир газета ўқишади, ҳаётини босма нашрларсиз тасаввур қилолмайдиганлар бор. Миллионга яқин тиражда чиқаётган газеталар бор-ку!

 

Тўғри, бозор иқтисодиёти ҳар бир соҳани ўз “қиличи”дан ўтказмоқда. Қилич дамига дучор бўлаётганларнинг бошида босма нашрлар ҳам турибди. Энг аввало, босма расмий нашрлар — у ҳокимлик, сиёсий партия, тармоқ ёки хусусий нашр бўлмасин, уни молиялаштириш муаммосини ҳал этишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилмаган. Тўғри, адади юқори бўлган нашрларда молиявий муаммолар ҳам кам бўлади. Аммо ҳокимликлар тасарруфидаги аксарият газеталарнинг бугунги молиявий аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди.

 

Давлат газетаси ҳисобланган босма нашр борки, бугун “ўз кунини ўзи кўриш” билан овора. Бир амаллаб обуна пулини нохолис обуна уюштирувчилардан ундирса ҳам катта гап. Бошқа даромад манбаи деярли йўқ. Шундай экан, бу нашрларни маҳаллий ҳокимликлар тасарруфида сақлаб туришнинг нима кераги бор? Ҳокимликлар муассис сифатида ўз нашрини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимига эга эмас экан, бу ерда қандай маъно ва мантиқ бор? Сиёсий партияларга давлат томонидан маблағ ажратилади. Агар ўша партия раҳбарияти истаса, бу маблағнинг бир қисмини ўзи муассис бўлган газетани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтириши мумкин. Тармоқ ва хусусий нашрларда ҳам унинг муассисининг ўз нашрига бўлган муносабатига боғлиқ. Фойда бўлса хусусий нашр яшайди, бўлмаса... Кейинги йилларда ўнлаб хусусий нашрлар молиявий қийинчилик туфайли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳатто “Даракчи”, “Бекажон”, “Ҳордиқ” каби бақувват хусусий нашрлар ҳам бугунги кунга келиб, ўз ададини бир неча бараварга камайтириб юборди...

 

Бугун газета, журнал деб аталмиш босма нашрлар тарихига назар солсак, улар шунчаки оддий эҳтиёж эмас, жамият тараққиётини жадаллаштириш, инсон онгини такомиллаштириш ҳамда билим ва қобилиятини оширишга хизмат қилганлигига ишонч ҳосил қиламиз.

 

Қадимги Рим империясида пайдо бўлган илк хабарлар варақаси бугунги босма нашрларнинг ўтмишдоши ҳисобланади. Империядан сўнг орадан қанча асрлар ўтди ҳамки, гарчи империянинг ўзи таназзулга юз тутган бўлса-да, унинг бағрида дунёга келган босма нашрлар империядан-да катта тараққиёт босқичини босиб ўтди. Бугун ривожланган давлатлар ва уларда яшаётган халқлар ҳаётини қадимий ахборот воситаси — босма нашрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги жадал тараққиёти, АҚШнинг оламшумул саноат инқилоби, Ғарбий Европа мамлакатларининг қаддини ростлаши, Хитой ва Кореянинг дунё ҳамжамиятидаги бўй кўрсатишида босма нашрларнинг ўрни катта бўлган. Негаки, бундан 50-100 йил муқаддам оддий радио, илк қадам ташлаётган телевидениедан фарқли ўлароқ босма нашрлар ҳаётда кенг ўрин эгаллаган эди. Шу боисдан улар тегишли мамлакатдаги сиёсат, ғоявий мазмун ва моҳиятни халққа етказишда давлат ва эл ўртасида кўприк вазифасини бажарган.

 

Ақшда ҳам аҳвол чатоқ, аммо...

Яқинда АҚШда маҳаллий, асосан, ҳудудий босма ва электрон нашрларни сақлаб қолиш бўйича ҳукумат даражасида ҳаракат бошланибди. Вашингтон, Орегон ва Аризонадан сайланган уч нафар сенатор Мария Кантвелл, Марк Келли ва Рон Уайден “Ҳудудий журналистикани қўллаб-қувватлаш” тўғрисида қонун лойиҳасини тақдим этишди. Қонун лойиҳасига кўра, коронавирус пандемияси борган сари “синдираётган” маҳаллий газеталарни сақлаб қолиш бўйича муайян таклифлар берилган.

 

Дунёда юзага келган коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият барча соҳалар қатори босма нашрлар — газеталар тақдирини ҳам алғов-далғов қилиб ташлади. Агар Америкадек улкан давлатда газеталарнинг обунаси, мутолааси билан боғлиқ муаммо юзага келган экан, демак, шундай экан вазият жиддий. Шу ўринда ўзимизда кузатилаётган ҳолатларни асло қониқарли деб айта олмаймиз. Йил бошида 20, 30 минг нусхада чоп этилган нашрлар уч-тўрт ойдан сўнг икки-уч баробар минусга тушиб кетади. Шундан англашиладики, обунага қўл учида қаралгани, “мендан кетгунча эгасига етгунча” қабилида иш кўрилгани аён бўлади. Биргина болалар нашрларининг (нега айнан болалар нашрларига урғу бераяпмиз, сабаб шуки, бугун 20, 30 саҳифалик журнал ўқимаган бола эртага катта ҳажмдаги журнал, китобни мутолаа қилиши мушкул, маънавиятга йўл эса албатта, болалар нашрларига бўлган эътибордан бошланади) айни аҳволи жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган. Бир пайтлар 100 минг нусхада чоп этилган журнал ва газеталарнинг бугунги адади 2 минг нусхага ҳам бормайди.

 

Ҳа, АҚШ ҳаракатни бошлади. Мамлакатда босма нашрларга бўлган салбий ҳолатларни ўзгартириш учун юқорида санаб ўтилган сенаторлар томонидан қатор таклифлар илгари сурилди. “Коронавирус пандемияси маҳаллий нашрлар ва мухбирлар инсонларнинг янгиликка бўлган эҳтиёжини қондириш учун қанчалик муҳим эканини кўрсатиб берди. Демократиямизнинг кучи ҳақиқатга асосланган. Маҳаллий нашрлар жиддий саволларни кўтаришмоқда, дезинформацияга қарши курашмоқда, тарихимизни ҳикоя қилмоқда. Жамиятимизнинг ажралмас бўлаги бўлган бу соҳани ҳимоя қилишимиз керак”, — дейилган қонун лойиҳасида маҳаллий газеталарнинг ўрни ҳақида.

 

Аризона штатидан сайланган сенатор Келлининг фикрича, жисмоний шахсларга маҳаллий нашрларга обуна бўлгани ёки ҳомийлик маблағлари ажратгани эвазига солиқ имтиёзини таклиф қилиш керак. Яъни, пандемия вақтида газеталар обунасини бекор қилиш орқали пулини тежаб қолган америкаликларга обунани давом эттириш эвазига солиқ имтиёзи таклиф этилмоқда. “Маҳаллий нашрлар фаолиятидаги пасайиш дезинформацияни кучайтириб, ёлғон маълумотлар тарқалишига имкон яратди. Ҳудудий кенгаш ва мэриялар учун ягона ойна айнан маҳаллий нашрлар ҳисобланади. Америкаликлар маҳаллий нашрлар мисолида энг ишончли манбаларини йўқотишмоқда. Журналистнинг фарзанди сифатида мени ҳам бу ҳолат бефарқ қолдирмади. Бизнинг қонун лойиҳамиз демократиямиз ва ҳаётимиз учун синовли дамларда маҳаллий нашрларни иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган”, — деди Орегон штатидан сайланган 72 ёшли сенатор Рон Уайден.

 

Маълум бўлишича, 2004 йилдан буён АҚШда 1800 бирлашма ўз газетасини йўқотган. Пандемия бошидан буён эса 37 минг журналист ишсиз қолган ёки маоши камайтирилган. Охирги 20 йилликда Америкадаги маҳаллий газеталар даромади 70 фоизга камайган. Нашрлар 40 минг нафар янгилик йиғадиган ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлган. Бу эса бутун персоналнинг 60 фоизи дегани. Сенатор Кантвелл маҳаллий газеталарни кўп марта қўллаб-қувватлаган. Уларнинг гувоҳларни тергов қилиш жараёнида иштирок этишини таъминлаш бўйича сенатда нутқ сўзлаган. У ўтган йили пандемия вақтида иқтисодий қўллаб-қувватлов бўйича қонун лойиҳасига муаллифлик қилган. Бу қонунга кўра, 2 мингдан ортиқ газета, 3384 теле- ва радиостанциялар молиявий кўмак олган, ҳудудий мухбирлар иш ҳақини ҳимоялаш дастурига киритилган.

 

160 мингдан ортиқ актёрлар, журналистлар ва ижодкорлар касаба уюшмаси бўлган “SAG-AFTRA” корхонаси президенти Габриэл Картерис бу қонун лойиҳаси ҳақида шундай деди: “Америкаликлар маҳаллий хабарларни пандемия даврида бўлганидек кўп ўқишмаган эди. Чунки воқеалар жуда тез ўзгарди. Қонун ижодкорлари бўлган сенаторларга раҳмат айтмоқчиман, бу қонун биз учун жуда муҳим инсонлар бўлган ҳудудий мухбирларни, нашрларни сақлаб қолиш учун жуда муҳим”.

 

“News Media Alliance” ижрочи директори Дэвид Чаверннинг фикрича, ҳудудий нашрлар жуда муҳим, чунки одамлар доим текширилган, ишончли маълумотга муҳтож бўлишган ва бу демократиянинг ҳам асоси ҳисобланади. Америкаликлар илгари сураётган таклифлар, қонун лойиҳаси билан танишиб чиқар эканман, бир ҳолат эътиборимни тортди. Яъни, ҳудудий нашрларнинг аҳволи, уларни сақлаб қолишга алоҳида урғу берилган. Бизда ҳам вазият жиддий. Айрим туман нашрлари 200, 300 нусхада чоп этилаётгани, бир нафар ходим ҳам мухбир, ҳам редактор, ҳам таҳрирчи, фотограф, саҳифаловчи каби барча юмушларни бажариб, газета чиқармоқда. Янги ходим олай деса унга ойлик тўлаш керак, обуна пастлигидан тушум йўқ, арзимас нусхадаги тиражнинг пули босиш харажатларига етади, холос.

 

“Мутолаа таназзули” учун шароит

Ўтган асрнинг 80 йилларида ғарб давлатларида кенг жамоатчилик орасида болалар ва ўсмирларнинг “мутолаа инқирози” масаласи қизғин муҳокамага айланган экан. Бунга сабаб мутолаага ниҳоятда кам вақт ажратилиши бўлган. Жумладан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида Германияда телевидение ва оммавий ахборот воситалари (ҳозирда интернет ҳам) етакчи ўринга чиқиб, китоб ўқиш иккинчи даражага тушиб қолгани, ҳар учинчи ўсмир функционал саводсизга айлангани аниқланган.

 

Францияда икки талабадан бири “Уч мушкетёр”нинг муаллифи кимлигини айтиб бера олмаган. Англияда эса ёшларнинг улғайган сари китоб ўқиш даражаси пасайиб бориши кузатилган. Бу шунчаки фактлар эмас, балки айни ҳақиқат. Мутолаа маданиятининг пастлиги, китоб ўқишга бўлган қизиқишнинг йўқолиб бориши, бу ўз-ўзидан миллат маънавиятининг таназзулидир. Юқорида айтганимиздек, ёшлигида газета-журналларни ўқишга ҳафсала қилмаган ўқувчи, эртага каттароқ ҳажмдаги китоб ўқиш учун ҳам эринади. Билим даражаси эса ҳаминқадар маълумотлар базаси билан тўлиб, оқибатда ўз соҳаси бўйича малакали кадр бўлиб етиша олмайди. Олий таълимда ҳам суст, хўжакўрсинга ўқиб, диплом олади-да, зиёнини эса давлат кўради.

 

Обуна матбуот дўконидан арзонми?

Дунёда обуна матбуот дўконидан арзон бўлгани билан жозибали. Масалан, Британияда “The Economist” нашри дўконда 3 фунт, обуна орқали эса 1 фунт туради, яъни 3 баробар арзон. Афсус билан қайд этиш лозимки, бизда кўп нашрлар обуна ортидан кун кўради, хориждаги каби реклама ҳисобидан эмас. Шу сабабли, парадокс, баъзан обуна нархи сотувга нисбатан қиммат. Қолаверса, хорижда обуначи турли услублар билан рағбатлантирилади. Масалан, ваучерлар, купонлар берилади. Туркияда китоблар, хусусан, энциклопедиялар тақдим этилиши одат тусига кирган. Шунинг учун, айниқса, катта авлод вакиллари обуна бўлишни афзал кўради.

 

Шунингдек, чет элда электрон обуна ҳам оммалашган. Айтайлик, “The Guardian” нашрининг босма кўриниши ҳафтасига 12, электрон версияси эса ойига 12 фунт турар экан. Газета-журналлар сайтларида мақолаларнинг фақат бошланишини ўқишингиз мумкин, давоми сизни қизиқтирса ва дўконга боришга вақтингиз бўлмаса, электрон кўринишига обуна бўлишингиз керак. Айрим нашрларнинг босма тиражидан кўра, электрон обуначиси кўп.

 

Дарҳақиқат, бугун ихтиёрий тарзда обуна бўлиш жуда кам учрайди. Боиси, маҳсулот сифати замон талабларига жавоб бермайди. Биринчидан, моддий база ачинарли ҳолатда, иккинчидан, саҳифаларда ўз йўналишига алоқаси бўлмаган мақолалар сероб, учинчидан, нашрни обуначиларга ўз вақтида етказиб бериш борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Мазкур муаммо ўз­ўзидан вужудга келмаган, албатта. Ниманинг ҳисобига нарх қиммат? Маълумки, аксарият нашрлар чоп этиш харажатларини айнан обуна билан қоплайди. Боз устига етказиб берувчи ташкилотларнинг газеталарга қўшимча нарх белгилаши, обуначи учун қимматга тушиши тайин. Обуна камлиги боис, таҳририят етказиб бериш харажатларини обунадан қоплашга мажбур. Бироқ айрим ғарб мамлакатларида етказиб бериш таҳририятнинг зарарига ишлайди. Нархларни арзонлаштириш мақсадида мазкур чора-тадбирлар обуна сонини ошириш ва реклама берувчилар эътиборини қозонишга қаратилган. Аниқроғи, Европа матбуотида таҳририятлар нашрни етказиб бериш харажатларини реклама ва эълонлардан тушган маблағлар ҳисобидан қоплайди.

 

Польша Республикаси аҳоли сони ва иқтисодий жиҳатдан мамлакатимизга анча яқин. Мамлакатда матбуот соҳаси яхши ривожланган. Биргина “WPГOST” ҳафталик газетасини 2 миллиондан зиёд обуначи ўқир экан. Обуна миқдорининг кўплигига сабаб нархи арзон ва газетани етказиб бериш хизмати мамлакат миқёсида жуда сифатли ташкил этилган. Ривожланган хорижий давлатларда бугун чиққан газета 2-3 соатда обуначи қўлига етиб боради.

 

Биз нега гапни докторант билан бошладик ва кейин эса таҳлилларга, қиёслашларга ўтиб кетдик? Негаки замон билан ҳамнафас бўлиш, унга мослашиш керак, албатта. Биз буни инкор қилиш фикридан йироқмиз. Фақатгина бундай мураккаб паллада соҳа ходимлари бир-бирини қўллаб-қувватлаши, мадад бўлиши керак демоқчимиз, холос. Қолаверса, бизга ана шундай “беқиёс фикр”ли докторантларни кейинги 20, 25 йиллик газета-журнал ўқимайдиган давр етказиб берди. Шундай экан, яна 20, 25 йилдан сўнг нима бўлади?!

 

Ислом АСИЛБЕКОВ.

«Ҳуррият» газетасининг 2023 йил 16 ноябрдаги 44-сонидан олинди.


Report Page