«Капалак бола» – бу қандай касаллик?

«Капалак бола» – бу қандай касаллик?


«Капалак бола» ⸻ бу буллёзли эпидермолиз хасталиги билан дунёга келган бўлиб, у терида ва шиллиқ пардаларда пуфакчалар ва эрозия ҳосил бўлиши, терининг заифлиги ва енгил механик шикастланишга сезгилиги билан кечадиган генетик касалликдир. Фарзанднинг бу генетик касаллик билан дунёга келиши эса, ота-оналар учун кучли зарба каби таъсир кўрсатади. 

Нималарга эътибор бериш керак?

Энг аввало, бу ҳолатга руҳан мослашиш муҳим. Бундай болалар ҳам бошқа янги туғилган чақалоқлар каби эътиборга, ғамхўрлик ва парваришга муҳтож бўлади. Ишонч билан айтишим мумкинки, буллёзли эпидермолиз ҳукм эмас! Тўғри парвариш қилиш, тиббий муолажаларни вақтида кўрсатиш, тўғри ва сифатли овқатланиш орқали умр давомийлигини узайтириш мумкин. Бу касаллик билан касалланган болага қанчалик эрта тиббий муолажа кўрсатилса, аҳволи шунчалик яхшиланади. 

Алоҳида шароит яратиш керакми?

Уй шароитида бола учун барча шароитларни яратиш жуда муҳим. Сабаби бу терида пуфакча ва эрозиялар пайдо бўлиши ва очиқ яраларга инфекция тушишидан ҳимоялайди. Бунга уй жиҳозлари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри танлаш ва терини кўрсатмадагидек парваришлар орқали эришиш мумкин. Уйда янги туғилган боланинг яраларига тиббий ишлов бериш учун стол керак бўлади. Чақалоқ ётган хона 18-23 С даражада бўлиши ва хонани тез-тез шамоллатиб турилиши муҳим. Янги туғилган чақалоқнинг ҳолати ва терисини мунтазам кузатиб бориш зарур. Унинг ҳаддан ортиқ қизиб кетиши ва терлашига ҳамда ортиқча жисмоний фаоллигига йўл қўймаслик зарур. БУ пуфакчалар пайдо бўлишини рағбатлантиради. 

Болани чўмилтириш мумкинми?

Албатта, болани мунтазам равишда ювинтириб туриш керак. Бунда сувнинг ҳарорати тана ҳарорати сингари ёки ундан бироз паст бўлиши керак. Пуфакчалар пайдо бўлишининг олдини олиш учун ваннанинг пастки қисмига юмшоқ сочиқ қўйиб, сувга мойчечак қўшиш мумкин. Ювинтириб бўлгандан сўнг болани юмшоқ сочиқ билан секинлик билан артиб қуритилади. Сочиқни қаттиқ ишқаш, болани қўлтиқ остидан кўтариш, силаш ва қучоқлаш мумкин эмас. 

Кийинтиришда нималарга аҳамият бериш керак?

Кийимлар керакли ҳажмда, табиий матолардан тикилган бўлиши лозим. Мато юмшоқ ва терини безовта қилмайдиган бўлиши керак. Имкон қадар тасмали, қалин тикувлари бор, турли тош ва безаклар билан ишлов берилган кийимлардан фойдаланмаслик лозим. Кийим чоки ташқи томонга қараб тикилган бўлса, янада яхши. 

Овқатлантириш тартиби қандай бўлиши керак?

Буллёза эпидермолизда эмизишга қарши кўрсатма мавжуд эмас. Она болани эмизишда давом этиши мумкин. Агар маълум сабабларга кўра бунинг имкони бўлмаса, болани сунъий овқатлантириш мумкин. 

Бола териси қандай парвариш қилинади?

Болани ҳар куни парваришлаш жуда муҳим. Янги туғилган чақалоқ яраларини ҳар куни даволаш, автоматик кийиниш воситаларидан фойдаланиш лозим. Албатта, бу бироз вақт олади ва осон эмас. Аммо сабр қилиш керак. Шу орқали уни инфекциялардан ҳимоялаш мумкин. Бу борада шифокор-дерматологга мурожаат қилиб, маслаҳат олиб туриш мумкин. 

Фотима АБДУРАҲМОНОВА, педиатр

 


Report Page