йўл бўлсин.

йўл бўлсин.

Муаллиф: Азизахон Исмоилова.

3-қисм 

@HALOLIM_UZ


​​Аммам “энди кўйлак тиктирсак, ҳув даланинг нарёғидаги Ҳамро чеварга бориб тиктирамиз” деяптилар. Мен “ўзимга-ўзим ҳам тикиб олавераман!” деб айтдим.

     Бўш қолганда уйимизга янги дугоналаримни чақириб улар билан маза қилиб ўйнайман. Ҳаммаси ўзимдан кичкина, сут эмди қизлар. Ўйинларининг номи ҳам ғалати.

    Бу ерда “беркинмачоқ”ни “пакки пойлар”, “болқон-болқон”ни “ботмон-ботмон”, “тўпиқ ўйин”ни “ёғоч оёқ” ўйини деб айтишаркан. Қизчаларга “чим отиш”ни, “подшоҳ- вазир” ўйнашни ўргатдим.

     Аммам бирон марта мени уришмадилар, "катта қиз бўлиб қолдинг, энди бунақа ўйинлар ўйнашга катталик қиласан!" демадилар. Баъзан қизиқиб кетиб кўчаларга чиқиб ўйнайман. Тўғри, бироз ҳавотир олади аммо уришмайди. "Кўздан пана юрганинг яхши!" деб бир марта сал дакки бергандек қилдилар. 

       Деворга шоҳ ташлаб турган қандил олма пишди. Роса кутаётгандим шунинг пишишини!  Аммам қўшниникига чиққанда ўйланиб ўтирмай деворга чиқдим. Битта шоҳни эгиб, ичидан кўзимга энг чиройли кўринган олмани узиб олдим. Карсиллагангина олма. Маза қилиб паҳсага ўтириб олма еб турсам, орқа тарафдан биров от йўрттириб ўтиб қолди. Ким экан деб қарасам бир ёшгина, мўйлаби сабза уриб, сал катта одамнинг туси кириб қолган, гавдаси йирик, отининг ёнбошига қўш кўзли ҳуржун осиб олган йигит мен томонга қараб турибди.

    Шоша пиша бошимни шоҳлар орасига яширдим ва оралиқдан мўраладим. Ҳалиям кўз узмай қараб турибди. Кўзи тўла ҳайрат!

    -Нима қиляпсан, у ерда?-деб сўради қош чимирганча.

    Гап тополмаганимдан аввалига каловланиб қолдим. Нима қилаётганимни бегона бир одамга айтишим керакми ё айтмаслигим керакми?

     Дарров миямга иккинчи савол келиб урилди. Нега мени сансирайди? Юзимга без қиз қиёфасини бердим ва бошимни шоҳлар орасидан чиқардим:

     -Ишинг нима? 

     Саволимдан баттар ҳайрати ошди шекилли ажабланиб у ёқ-бу ёққа қараб қўйди. Оти бошини силкиб "юрайми, юрмайми?" деб турибди.

    "Ё тавбангдан кетай!" деб ғўлдираганини эшитдим. Кейин секин отини нуқуди.

    -Чуҳ!

    Уч-тўртта олмани апил-тапил узиб олдим-да, липпамга қистириғлиқ турган этагимга солдим ва енгил бир ҳаракат билан пастга учиб тушдим.

    Қарасам, кўча эшик очилиб ҳалиги йигит отини етаклаб бамалайхотир ичкарига кириб келяпти. Ҳуддики, ўзини уйидек!

     Этагимдаги олмаларни дарровда тирсагимга тердим ва кўйлагимни пастга туширдим. Хаёлимга аммамнинг ўғли келди. Мамашариф! Аммо шунча пайт оғзимизнинг жулуғини тушириб гапирган одамимиз ҳозир кўриб турган одамимдек эмасди, гўё! Мен уни отаси билан узоқ сафарларда юрадиган кап-катта одам деб ўйлаганман-да! 

    Ичим шиғ этди: ўғри бўлса-чи? Бостириб кирадиган ва тўғри оғилга қараб югурадиган, омборхоналарнинг тит-питини чиқариб, қўлига нима илинса дод-войингга қарамай олиб чиқиб кетадиган ўғри-қароқчиларлардан бўлса-чи?

     -Машарипмисан?

     Овозим чиқиб-чиқмай зўрға унга савол бердим. Агар йўқ дейдиган бўлса, додлайман. Шунақанги додлайманки, аммам қаерда бўлса ҳам учиб келади.

     Уйимизга кириб шошилмасдан отини устунга боғлаётган бемалолхўжа мен томонга ажабланиб қаради:

     -Ким? Машарип?!

     Энди тўла-тўкис унинг ўғрилигига ишониб бўлгандим.

     -Онам қани?

     Бу савол додлаш учун энди оғиз жуфтлаган пайтимда берилди. Қийшайиб кетган ёқам эсимга тушиб дарров уни тортиб оғзимга қистирдим:

    -Қўшниникида!

    Оғзимда ёқам борлиги учун овозим тишларим остидан сирқираб, гапим мутлақо бошқа нарса деганга ўхшаб чиқди.


🍃


    Аммам ўғли қайтганига ўзида йўқ хурсанд бўлди. Бағри тўлди. Қўш кўзли ҳуржун ичида уруғлик нав буғдой бор экан. 


Бўстонбу аммам ўғли қайтганига ўзида йўқ хурсанд бўлди. Бағри тўлди. Қўш кўзли ҳуржун ичида уруғлик нав буғдой бор экан.

   Ўғли уни дастурхон устига бўшатганда аммам кафтига олиб буғдойни меҳр билан томоша қилди:

    —Буни қара-я, роса сара буғдой экан-а!

    Қизиқиш устунлик қилиб менам тиззалаб уларнинг ёнига бордим. Ростдан ҳам буғдойнинг узунлиги тирноғимнинг кўзича, бўлиқлигини-ку айтмай! Битта донасини олиб тишимга босиб кўрдим. Озиқ тишим сал қолса, синиб қолай деди.

   Қилиқларимни "аммамнинг ўғли" бир кўзлаб кузатиб турган экан четга қараб мийиғида кулиб қўйди. Аммо “бу қизча ким, қаердан пайдо бўлди, нега деворимизда ўтирибди?” деб онасига бир мартаям савол бермади.

    Қайдам... Балки, ичкарига киргунимча бу ҳақда гаплашишгандир...

    Айтишига қараганда йўллар жуда нотинч экан. "Аммамнинг ўғли" гапириб мениям, онасининг оғзиниям ланг очиб қўйди.

    —Йўлда энасининг қалинини қистаб юргонлар кўб экан, таҳликали бўлса-да, Яратганга таваккул қилиб қирма-қир ошиб келдим. Отим бироз ҳориди. Йўлда ҳаром қотиб қолмағонига шукр!

     Бу гапни эшитиб менинг икки хаёлим отам билан онамга кетди. Ҳалигача улардан хат-хабар йўқ. Марғилонга етиб боришдими, боришмадими, ҳеч нарсани билмайман.

     Эсиз, ўшанда этакларига чирмашиб олмайманми? Оёқларига осилмайманми? “Қол!” деса қолиб, “кўн!” деса кўниб ўтирибман-а!

    Секин ташқарига суғурилиб чиқиб кетдим. Тандир ёнидаги супада Лолахоним оёғи осмондан бўлиб ётарди. Қўлимга олдим. Пичирлаб яна “онам мени қандай етим ташлаганларини” унга айтиб бердим.


🍃


    Тонг саҳардан ўримга бордик. "Аммамнинг ўғли" аввал роса ҳафсала билан ўроғини чарҳлади. Сўнг шартиллатиб жуварини бир чеккадан ўра кетди.

    Аммам ва мен шошиб қолдик. Биримиз жувари пояни боғлаб улгурмаётган, биримиз эса уларни ҳар тарафдан йиғиштира олмай ҳалак бўлаётган эдик.

    Эгатлар ичида лайлакқушдек лўкиллаб юрганимни кўриб "аммамнинг ўғли" ўрганларини ўзи онасига келтириб бера бошлади. Қучоқ-қучоқ поя боғладик. Кўпга қолмай даламиз шип-шийдам бўлди.

    Сал нафас ростлаб олгач, пояларни аравага босдик. Аммам далада қоровулчиликка қолди. Мен эса араванинг орқасидан из босганча уйга жўнадим.

    То майда қадамлаб юриб келгунимча "аммамнинг ўғли" пояларни бир ўзи ичкарига ташиб бўлган экан. Нима қилишни билмай қоққан қозиқдек сўппайиб турсам, қуюқ қоши остидан боқиб: “Сен қолавер! Орқамдан чули-чули бўлиб эргашиб юрма!” дегандек им қоқди. Шу им қоқиш етарли бўлиб мен уйда қолдим.

    Энди ишим—эшик очиш ва ёпишдан иборат эди. Арава овозини эшитсам, югургилаб бориб эшикни очаман. Поялар ташиб бўлингандан кейин яна қайтариб ёпаман. Охирги келишида "аммамнинг ўғли" ичкаридан чой олиб чиқиб беришимни сўради.

    Чойнакни кўтариб чиқиб пиёлага узоқ чулдиратиб чой қуйдим.

     Юзимга беҳафсала қараб, бўшаган пиёлани уйилиб ётган поя устига отиб қўйиб кетди. Қарасам чойнакда чой тугаган. "Келишса, чой сўрашади" деб ўчоққа қўр ташлаб, човгум илдим.

    Кўпга қолмай иккалалари қайтиб келишди. Чой дамлаб қўйганимга аммам роса хурсанд бўлди. Кейин обдастада юз-қўлини ювмоқчи бўлаётган ўғлини кўриб, менга “бор, қарашвор!” дегандек им қоқдилар.

    Обдастани енгилгина бўлса керак деб даст кўтарибман. Ичи тўла сув экан. Жўмрагига қўшилиб, оғзидан ҳам бир дунё сув шовуллаб қуйилиб кетди.

   —Оз-оздан қуй! Шошма...

   "Аммамнинг ўғли"- “бўлди, бас!”, “энди қуй!” деб майда-чуйдасигача ўргатиб турди, айтганларидек қилиб сувни уларнинг қўлига қуйиб бердим.

    —Раҳмат! Сувдек сероб бўлинг!

    Бу биринчи марта сизлаб гапириши эди. “Хайрият, сизлашниям биларкан!” дегандек чўччайиб, ўзимча селдананг юриш қилиб нари кетдим.

    Чойим нимтатир чиққанига ҳам қарамай маза қилиб қора чой қилиб ичишди. Чойхўрликдан кейин "аммамнинг ўғли" ўрнидан туриб жувари бошоғини сидиришга чиқиб кетди. Мен эса пиёла-косаларни йиғиштириб, уларни чайгани ариқ бўйига йўл олдим.


   Қарасам, супурги буталари устида иккита ярим қулочимдан сал узунроқ чиқадиган бўз мато турибди. Олиб қарадим: йиртиқ эмас, бус-бутун. Кўзимга ипи чириганга ҳам ўхшаб кўринмади.

     Дарров биттасини қўйниғимга қистирдим. Иккинчиси жойида қолди. “Бу бўздан Лолахонга кўйлак тикаман!” деб ўзимча хурсанд бўлдим.

    Пиёлаларни супа лабига қўйиб ўзимни ичкарига урдим. Токчада ойим келганда ишлатилган бичек турарди (бичек-чеварчилик ашёлари турадиган латта кармон-муаллифдан)

    Чамамда онам уни атай мен кейинчалик чеварчилик қилиб, ишлатишим учун ташлаб кетгандек!

    Ичини очиб қарадим: ўша кўрганим—икки қатим ип, қаричимдан сал каттароқ келадиган қайчи, бармоқларимнинг ҳеч бирига тўғри келмайдиган ангишвона, иккита катта-кичик игна ва битта жуволдиз!

    Бўз латтани дарров онамда кўриб, кўзим пишганига кўра бича бошладим. Матони букладим ва кўкрак ўмузини кесдим. Кейин енг ўйимини, ундан кейин орқа этак қопини...

    Лолахон қаршимда “нима қиляпсиз, опа?” дегандек ип кўзларини тикиб қараб турибди.

   —Она, пайтавамнинг биттаси қани?

   Овозни эшитдим-у аввалига парво қилмадим. "Аммамнинг ўғли" онасидан такрор-такрор пайтавасини сўрайверганидан кейин "гап қайси пайтава ҳақида кетаётгани" ни тушундим-у қотиб қолдим.

   Сал ўзимга келиб этак қопимни кўтарганча шошиб ташқарига чиқибман. Аммам энди ўғлининг ўрнига ўтириб олиб бошоқ сидиряпти. Ўғли эса супурги бутасини қўли билан ҳар тарафга сермаб унинг ости-ю устидан пайтавасининг иккинчи бўлагини қидиряпти. Нимадир бўлиб мен томонга қаради. Қўлимдаги бўзни яширишга улгурмай қолдим Кўрди ва нима воқеа рўй берганини тушунди.

   Азиз акамга ўхшаб энди буям роса аччиқ-тирсиқ қилса керак деб ўйлаётгандим. Йўқ, ундай бўлмади.

  "Ширт" этиб иккига бўлинган пайтавани кўриб, “демак бу мато—мен ўйлаганимчалик пишиқ эмас экан-да деб ўйлаб қолдим. "Аммамнинг ўғли" кичрайиб, энди оёғининг учини ҳам ёпмайдиган бўлиб қолган пайтавасини индамай оёғига ўради ва этигини кийиб шаҳдам қадамлар билан ташқарига чиқиб кетди.

   Мен эшик ёнида ҳудди биров устимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек шумшайганча қолдим.



🍃


  —Маша... Маша... Мамаша...

  Ўғлининг отини айтолмаётганимни кўриб Бўстонбу амма аввалига роса кулди. Кейин мени ёнига ўтказиб олиб “агар отини айтолмаётган бўлсанг, “нишонлим” дейишинг мумкин!” дегандек қилдилар.

   "Ўғилларининг яна бошқа мен билмаган исми ҳам бор экан" деб ўйлабман.

  —Нишонлим ака... Нишонлигим ака... Йўқ, бунисиям қийин экан! —дедим.   

   Аммам “ака дейишинг шартмас, “нишонлим”ни ўзини айтавер!” деди. “Нишонлим, нишонлим” деб ҳудди уни тез айтиш айтгандек қайтариб юрдим. Тилим бу сафар бунисига сал келишгандек бўлди.

   Туш пайти пиёва қилиб ичдик. Нишонлим бу пайтда уйда эмасди. Аммам катта косага овқатдан қуйиб устига зоғора ёпиб берди. Тўкмасдан далага олиб боришим керак экан. "Хўп!" деб йўлга тушдим. Овқатни тўкмасдан юриш азоб. Ариқ бўйига қўйиб пича нафас ростлаб олдим. Кейин яна йўлга тушдим. 

   Борсам, Нишонлим даладан томир йиғиштираётган экан. Чақирсам ҳам қарамади. Роса "Нишонлим, Нишонлим" деб бақирибман. Охири марза четига ўтириб унинг қайтишини кута бошладим. Ариқ бўйлаб кетган одам овқат совиб, ичгулик ҳоли қолмаганда қайтиб келди. 

   Тутқаторда эснаб ўтирганимга туйқус кўзи тушиб қолдими аввалига бироз анграйиб турди.

   —Ажина кампир, нима қилиб ўтирибсан у ерда? Бир деворнинг устида ўтирасан, бир тутқаторда... Қўрқмайсанми бир ўзинг?

   "Ажина кампир" деганига аччиғим чиқди. 

   "Мани отим бор! Сизникига ўхшаган иккита бўлмасаям, ҳар тугул отсиз эмасман!" деб саннаб бердим.

    "Хўб, ўша отинг нима экан, айтишга арзийдигон отми ўзи?" деб кулди.

   Отимни айтдим.

   "Ҳурматойман дегин, бўпти энди сени ҳурмат қиламиз!" деди. Кейин "энди мениям Машарип демагин, ҳўпми?!" деб ақл ўргатгандек қилди.

   "Аммам аллақачон муни айтиб бўлди: энди нишонлим деб чақирарканман!" дедим.

   Қўрқинчли гап айтиб юбордимми, бир ғалати қаради-ю индамай кетиб қолди.


(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi


Report Page